«Наполи» бош мураббийи Вальтер Маццари «Сиена»га қарши учрашувдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашаркан, жамоа олдига қўйилган вазифалар ҳақида сўзлаб берди. Бу ҳақда «Football Italia» нашри хабар бермоқда.
«Сиена» ҳамда «Наполи» ўртасидаги Италия чемпионати 19-тур учрашуви 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунига етди.
«Ўтган мавсум биз ақлбовар қилмас натижага эришдик ва, эҳтимол, биз бу натижани ҳеч қачон такрорлай олмасмиз. Ўтган йилги ажойиб мавсумдан сўнг бу йил бизга қарши жиддий тайёргарлик кўришмоқда ва бизнинг аксарият футболчиларимиз бундай босимга бардош бера олишмаяпти», деди Маццари.
«Агар биз ойлик маошлар ва бюджет бўйича лиганинг еттинчи жамоаси бўлсак, ҳар доим кучли иккиликдаги жамоадан бири бўла оламизми? Ушбу мавсумдаги ягона истисно жамоа, бу — «Удинезе», деди «Наполи» устози.
«Биз қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик, аммо юзага келтирган вазиятларимиздан фойдалана олганимиз йўқ. «Сиена» эса ҳимоядаги хатоларимиз учун муносиб жазолади. Сўнгги вақтларда биз ҳужумга ҳаддан ташқари кўп берилиб кетаётганимиз «Сиена» ёки «Новара» каби жамоаларга қарши ўйинларда бизга панд бермоқда», дея қўшимча қилди «Наполи» бош мураббийи Вальтер Маццари.