«Милан» ҳужумчиси Златан Иброҳимович «Новара»га қарши учрашувдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашаркан, жамоаси танаффус вақтида мувозанатни топа олганини қайд этиб ўтди. Бу ҳақда «Милан» расмий сайти хабар бермоқда.
«Новара» ҳамда «Милан» ўртасидаги Италия чемпионати 19-тур учрашуви 3:0 ҳисобида миланликлар фойдасига ҳал бўлди. Ўйинда Златан Иброҳимович дублга эришган бўлса, яна бир голни Робиньо ўз ҳисобига ёзиб қўйди.
«Ҳисоб 3:0га етганидан сўнггина мен бундан қувониб, ўзимни хотиржам ҳис қилдим. Жамоа биринчи бўлимда вазиятлардан унумли фойдалана олмади, аммо танаффусдан сўнг биз тўғри мувозанатни топа билдик ва якунда муваффақиятга эришдик», деди швециялик ҳужумчи.
«Ушбу мавсум мени ўзимни нисбатан яхши, «Милан»нинг етакчисидек ҳис қилмоқдаман. Вазиятнинг бундай ривожи менга жуда ҳам маъқул келмоқда. Елкамдаги масъулият мени ҳар бир учрашувда янада яхшироқ ўйин кўрсатишга ундамоқда», деди Иброҳимович.
«Ал-Шааравий ҳали кўп нарсага ўрганиши керак, аммо шуни айтиш мумкинки, ундаги ўрганиш жараёни жуда ҳам яхши кетмоқда. Машғулотлар вақтида у ўз устида тинмай ишалмоқда ва, ўйлашимча, у катта муваффақиятларга эришади ҳали», деди россонерилар ҳужумчиси.
«Менимча, Эмануэльсон чап қанот ҳимоячиси ўрнида ҳаракат қилиши керак, бироқ бундай қарорлар бош мураббий томонидан қабул қилинади. «Аякс»да Урби айнан қанот ҳимоясида ҳаракат қиларди», дея қўшимча қилди «Милан» ҳужумчиси Златан Иброҳимович.
«Новара» дарвозасига урилган голлар Иброҳимович учун мавсумдаги 16 ўйинда урилган 13 ва 14-голлар бўлди. Футболчининг жамоаси – «Милан» айни вақтда «А» Серия пешқадами «Ювентус»дан 1 очкога ортда қолмоқда.