Эски можаро яна янгиланди - америкалик таниқли модель Кэтрин Майорга эски даъвосини жонлантирди. Эслатма, у Криштиану Роналдуни номусини топтаганликда айбламоқда. Эндиликда Майорганинг бу борадаги талаби ҳам тайин - 56 миллион фунт стерлинг миқдорида товон пули. Ваҳоланки, прокуратура аввалги шикоятга асосан барчасини ўрганиб чиққан ва португалиялик футболчи тажовуз ишлатмаганини қайд этганди. Диққатга сазовор томони, 56 миллион - бу футболчининг нақ 2 йиллик маоши...
Ҳа, ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда америкалик моделнинг Криштиану Роналдуга қарши қайта даъво очганию, тўпланган суд ҳужжатларидан айрим кўчирмалар пайдо бўлди. Хусусан, энди Кэтрин Майорганинг португалиялик футболчидан қанча миқдорда компенсация талаб қилаётгани маълум. Эслатиш керак, у бир неча йил олдин Португалия футболи афсонасини жинсий зўравонликда айблаганди. Унга мувофиқ, Роналду 2009 йилнинг июнь ойида, Лас-Вегасда Майоргага нисбатан жинсий тажовуз ишлатган. Кэтрин ҳамон футбол юлдузи билан Palms Casino Resort меҳмонхонасининг тунги клуби VIP-ҳудудида учрашганини айтмоқда. Криштиану шундан сўнг Майоргани Лас-Вегас-Стрип манзарасидан баҳра олиш учун шахсий пентхауси (Palms Casino Resort меҳмонхонасининг 57306-хонаси) таклиф қилади. Кэтриннинг иддаосига кўра, у хонада гирдомассаж ваннасига тушишдан бош тортган. Хуллас, барчаси футболчининг жинсий зўравонлиги билан ниҳоясига етган.
Майорга эртасигаёқ Лас-Вегас полициясига мурожаат қилган, фақат ким зўрлаганини яширган. 2010 йилнинг январь ойида томонлар барчасини ошкор қилмаслик юзасидан келишувга келадилар. Кейинчалик маълум бўлишича, Криштиану бунинг учун Кэтринга 375 минг доллар тўлаган. Энди Майорга жиноят ишида ушбу ҳолатни ҳисобга олмасликни сўрамоқда: "Очиғи, ўша вақтда ақлим жойида эмасди, чунки руҳий стрессдан қутулмагандим".
Қисқаси, яқинда эълон қилинган ҳужжатларга мувофиқ айтсак, Майорга футболчидан жами 56,5 миллион фунт стерлинг ундирмоқчи: 18 миллион - "ўтмишдаги қийноқ ва азоб учун", 18 миллион - "воқеадан кейинги азоб ва эзилишлар учун", 18 миллион - маънавий зарар учун, 1,1 миллион - суд харажати учун ва 1,4 миллион - харажат учун товон пули.
Роналдуга келсак, у айбловни қатъий равишда инкор этмоқда. Португалиялик юлдузнинг айтишича, у Майоргани зўрлаган эмас. Қолаверса, Невада штати Кларк округи прокуратураси 2019 йили Криштиануга қарши жиноий иш қўзғатмаслигини маълум қилганди. "Шу вақтга қадар тақдим этилган маълумотларга асосан Роналдуга қарши иш очиш учун етарли далиллар мавжуд эмас. Демакки, расмий айблов илгари сурилмайди", - дейилганди прокуратура баёнотида. Энди нима бўлиши эса, вақт ҳукмида...
Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади