Футбол учрашувлари тақвими тузиб чиқилаётган вақтда арафа куни, ҳайит куни каби масалаларни дарҳол аниқлаштириб олишнинг имкони йўқ. Биз фақатгина Рамазон ойининг эҳтимолий кунларинигина биламиз.
Токио-2020 яқинлашаётгани сайин бошқа спорт турларида лицензион мусобақалар кўп. Спорт-ТВ фақатгина футболни кўрсатиш мажбуриятини олмаган, демак биз ҳам унинг дастурлари билан ҳисоблашишга мажбурмиз. Зич дастурда учрашувга 4-5 кун қолганда унинг вақтини ўзгартириш иложсиз.
Тақвимнинг май ойи бизга мураккаб бўлди. Чунки биз тақвим тузаётганда миллий терманинг ФИФА белгилаган кунлардан 10 кун аввал йиғилишини ҳисобга олмагандик. Аммо якунда шундай бўлди ва биз тақвимни ўзгартирдик. Иккинчи давра тақвимини ҳам миллий терма ўйинлари ўтгунича эълон қилмоқчи эмасмиз, чунки чекланмаган ваколатли мураббийлар борки, кейинчалик улар барибир ўз айтганларида туриб олади.
Арафа ёки ҳайит кунига тўғри келаётган футбол вақтини "Навбаҳор" мухлислари суришни сўрашяпти, бошқа клублардан бундай сўров келгани йўқ. Агар май ойининг сўнгги 10 кунлиги бизнинг ихтиёримизда бўлса, биз балки бу кунлар арафасида футбол ўтказмаслик чорасини излардик. Ҳозир эса байрам кунларида футбол учрашувларини ҳам байрам кайфиятида ўтказишга мажбурмиз. Мисол учун яқиндагина АГМК "Сурхон" билан ўйин кунини, "Пахтакор" "Турон" билан ўйин вақтини суришни сўраб мурожаат қилди ва биз уларга ҳам рад жавоби беришга мажбур бўлдик. Юқорида айтилганидек, Спорт-ТВ дастурларини ҳам ҳурмат қилишимиз керак.
Ўйинлар белгиланган вақт, сана ва жойларда бўлиб ўтади насиб этса. Яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин ва шу кунларда ҳам ўтган бир ойда бўлгани каби фарз амалларимизни нуқсонларсиз адо этиш насиб қилсин. Албатта футболчилар ҳам оиласи даврасида бўлишни истайди. Аммо улар профессионал ва бундай ҳолатларга кўникиб улгурган. Мухлисларда эса учрашувни нафақат стадиондан, балки ТВ орқали ҳам кўриш имконияти мавжуд.
Диёр Имомхўжаев.