Мадриднинг “Реал” клуби якунига етаётган мавсумда жуда муҳим ўйин ёки ўйинлар арафасида турибди. “Ёки” деб ажратишимизга сабаби Тошкент вақти билан айтилса, 14 май соат 01:00да бошланадиган “Гранада”га қарши ўйиннинг натижаси кейинги учрашувларнинг қийматини белгилайди. Ғалаба курашнинг фаол тарзда давом этишини англатса, очко йўқотилиши “Атлетико”нинг чемпионлигига ярим қадам қолди, дегани бўлади.
Нима бўлган тақдирда ҳам мавсумнинг охирида турибмиз. Наздимда, баъзи бирламчи таҳлилий хулосаларимизни қилсак бўлади. Хусусан, Зидан жамоасига бутун мавсум давомида нима кўпроқ муаммо келтирди? Биринчи бўлиб хаёлга келадигани бу шубҳасиз – ЖАРОҲАТЛАР! Уларнинг сони коронавирус йўқотишларини ҳисобламаганда – 53 та. Кўп. Анча кўп.
Таҳлиллар жароҳатларнинг аксари жисмоний тайёргарликдаги хатолар ва юкламанинг нотўғри тақсимланиши билан боғлиқ эканини кўрсатмоқда. Бундай вақтда жисмоний тайёргарлик мураббийи бош жавобгарга айланади. “Реал”да эса бу лавозимда 2019 йил ёзидан буён Грегори Дюпон ишлаб келмоқда. Ундан аввалги уч мавсумда эса – Антонио Пинтус Роналду етакчилигидаги клубнинг жисмоний ҳолатига масъул эди. Пинтус Мадриддан сўнг Миланга кўчиб ўтиб, “Интер” билан жорий мавсум Италия чемпионига айланиб улгурди. Аммо “Реал”да ишлар айнан шу жабҳада кескин оқсай бошлади.
Эден Азар билан боғлиқ ҳолатни мисол келтириб ўтирмайман. Буни ҳаммамиз шундоғам яхши кўриб турибмиз. Серхио Рамос, Лукас Васкез, Ферланд Менди, Федерико Вальверде, Иско ва Карвахаль каби футболчиларнинг сурункали жароҳат-у асоратлар таъсирида юриши Дюпонни энг камида ўйлантириши лозим. Қўшимчасига жароҳатлар сони бўйича чемпионлик курашидаги рақобатчилари билан солиштириб чиқилса “Реал” энг камида 10+ кўринишида олдинда бораётганини кўриш мумкин бўлади. Албатта шу ҳолатда ҳам клубнинг ЕЧЛ ½ финалига боргани, Ла Лигада биринчилик учун курашаётгани ёмон натижа эмас, бироқ “Қироллик клуби” мухлисларига бу камлик қилишини ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Адолат ўрнида жамоа таркибидаги асосий футболчиларнинг ёши ўтиб бораётганини эслатиб ўтиш зарур. Яъни, “Реал” умумий авлодлар алмашинувига муҳтож. Мадридда бундай жараён бошқа жойлардаги каби академия вакиллари билан эмас, йирик трансферлар билан амалга ошади. Ёз эса яқин. Перес футболчилар билан бирга жисмоний тайёргарлик мураббийи лавозимини ҳам бир яхшилаб ўйлаб кўриши керак менимча.
Ориф Толипов.