Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Шоҳруҳ Розиқов: «Футзал ҳам ёмон эмас»

Баҳо:
+ | -

Шоҳруҳ Розиқов шу кунга қадар Россия ҳаваскорлар ва профессионал футболида ўйнади, Озарбайжонда ҳам фаолият юритди. Жорий йил эса Ўзбекистонга қайтиб, «Локомотив» футзал клуби сафига қўшилди. Sports.ru сайти «Узбекская кухня» блоги муаллифи Евдоким Раимовнинг навбатдаги меҳмони - айнан Шоҳруҳ Розиқов. Биз ўз навбатида, бу йигитни мухлисларимизга бироз таништириш мақсадида катта интервьюнинг энг қизиқарли қисмларини ҳукмингизга ҳавола этишни лозим топдик.

- Анча қизиқарли футбол тарихига эга экансан. Бир бошдан гапириб берсанг...

- Аслида футболга жуда кеч кирдим - 12 ёшдан шуғуллана бошладим. Болаликда шунчаки, акам ўйинларини томоша қилардим. Бора-бора қизиқиш кучайди. Кейинчалик мактаб жамоасида ўйнаш асносида назарга тушдим ва мени футбол муассасасига таклиф қилишди

- Россияга борганингда, ўз олдингга футбол бўйича қандайдир вазифа қўйганмисан ёки у ерга шунчаки, ишлагани йўл олгансан?

- Отамнинг бизнеси инқирозга юз тутгач, 2003 йили оиламиз билан Россияга кўчиб кетишимизга тўғри келди. Болалигим айнан Россияда ўтди.

- Россия ҳаваскорлар футболи ҳақида қисқача маълумот берсанг...

- Россияда ҳаваскорлар турнирлари кўп. Одамлар ўйнашдан шунчаки, завқ олишади. Ўзбекистонда футбол майдонлари учун пул тўлаш керак бўлса, у ерда ҳаммаси текин. Ҳаваскорлар мусобақалари ташкилотчилик нуқтаи назаридан ҳаттоки, Ўзбекистондаги профессионал турнирлардан ҳам қолишмайди.

- Ҳаваскорлар лигасида пул учун ўйнармидинг?

- Болалар мактабида табиийки, пул олмасдим. Катталар жамоаларида эса мукофот бор - 2000-3000 рубль. Ҳаммаси жамоанинг вазифаси ва мақсадига боғлиқ. Россия­да ҳаваскорлар футболини турли компаниялар қўллаб-қувватлайди. Деярли ҳар бир жамоада ҳомийи бор.

- Бошқа йўллар билан ҳам нон топишингга тўғри келмаганми?

- Оилам бор, менга иш ҳақида ўйламасдан ўқиш ва футбол билан шуғулланиш имкониятини яратган ота-онам бор. Хуллас, баъзида кафеда официантлик қилганман. Менимча, бунда уят жойи йўқ.

- Ҳаваскорлар футболи билан таққослаганда, кафеда иш ҳақи қанчалик баланд эди?

- Маош ҳақида гапирсак, ойига тахминан 12-15 минг рубль тушарди. Аммо бундан кўпи керак эмасди. Чунки футбол билан хасталанган эдик.

- Вақтида ФНЛ (Россия биринчи дивизиони)да ўйнагансан. Бу турнирни 3та сўз билан тавсифлаб бера оласанми?

- Фахрийлар. Физика. Қатъийлик. ФНЛда тактика йўқ. Турнирда асосан пул учун ўйнашади. Ҳар ҳолда, оилали фахрийлар кўп. Тўғри, ўз олдига муайян вазифаларни қўйган 5та клуб сафида савияли футболчи бор. Айнан улар комбинацион футболга мойил.

- Сен таркибида ўйнаган Озарбайжоннинг «Раван» клуби ке­йинчалик тарқалиб кетди. Таассуротларинг қандай?

- Боку - мен борган энг гўзал шаҳарлардан бири. Санкт-Петербург 1-ўринда бўлса, Боку 2-ўринда. У ерда ҳаммаси жуда чиройли. Айниқса, Каспий денгизи бўйидаги минора. Озарбайжонда футболга катта сармоя киритишади, аммо бундан савияга путур етмоқда.

- У ерда Баҳодир Насимов билан учрашдингми?

- У ўша вақт Бокунинг «Нефт­чи»сида ўйнарди. Буни билардим, албатта ва ўйинларига ҳам борганман. Аммо афсуски, шахсан таниш эмасмиз.

- Ёш футболчи учун РПЛ клуби таркибига кириш қанчалик қийин?

- Шунчаки, мега-истеъдод бўлишингиз керак. Клуб тарбияланувчиси ҳисоблансангиз, яна яхши. Кўплаб жамоаларда ривожланиш тизими мавжуд, унда маҳаллий йигитларга ишонч билдириш ҳам назарда тутилган. Аммо РПЛнинг кучли 5та клубидан жой олиш ўта қийин. Улар асосан хориждан футболчи сотиб олишади. Ахир ҳар бирининг муайян вазифаси бор - соврин ютиш, еврокубокларга чиқиш. Бундай жамоалар бюджети космик даражада.

- Россиялик футболчилар кўпинча ёшликдан ҳашаматга эга бўлишади. Сенда ҳам қимматбаҳо машиналар ва йирик брендлар либосида юрадиган дўстларинг бормиди?

- Шундайлар бор, аммо бу уларнинг ёмон футболчи ва одам эканликларини англатмайди. Умуман, футболчилар жуда кўп маош олишлари учун айбдор эмаслар. Менимча, барчаси тизимга боғлиқ. Нега Англия ва Германия шароитида бу қадар кўп тўламайдилар? Тўғри, бу мамлакатларда тийинга ўйнашмайди, албатта, лекин улар харажатни қоплашади.

- Россияда ташқи кўринишинг билан ажралиб турганинг аниқ. Осиёлик қиёфа туфайли қандайдир ҳазилларга ҳам дуч келганмисан?

- Ҳа, ҳазиллар йўқ эмасди, лекин бу табиий ҳол. Нафақат мен, балки ҳамма учун.

- «Шеффилд». «Картавий Ник» сафида дунёнинг энг қадимий клубига қарши ўйнаган экансан...

- Бундай учрашув хотирада муҳр­ланиши тайин. Эсимда, ўйинни чамаси 5000 мухлис кузатганди. Агар ўша куни Москвада кучли жала бўлмаганида, стадионга бунданда кўп одам келарди эҳтимол. Жамоа ичида нималар рўй бергани, ўйин муҳитини сўз билан таърифлаш мушкул. Қисқаси, футбол йўлимдаги энг яхши лаҳзалар.

- Ўзбекистон термаси вакиллари бирор марта алоқага чиқишганми?

- Ҳа, 2015 йили. Ўша пайт «Тосно» ихтиёрида эдим. Мени U-19 термаси йиғинига чақиришганди. Ҳали 18 ёшга ҳам тўлган эмасдим. Кейин Тошкентга келиб, «Жар» стадионида олиб борилган 2 ҳафталик машғулотларда қатнашдим.

- Кейинчалик терма жамоадан бошқа мурожаат қилишмадими?

- Тушунишимча, мос келмадим, шекилли. Четда мақташди: «Балли, яхши! Сени ҳали яна чақирамиз». Аммо чақурув тушгани йўқ.

- Ўтган йили Ўзбекистонда кўрикдан ўтибсан. Қайси клубда?

- «Бунёдкор»да. Аммо шундай бўлдики, келишим билан дарҳол ўйинга ташлашди. Баҳона эмас, аммо охирги 3 ойда машғулот ўтказмагандим. 20 дақиқа давомида шунчаки, олдинга ва орқага югурдим, ҳеч кимни танимайман, мени ҳам биров билмайди. Табиийки, бундай шароитда ўзимни кўрсатолмадим. Ўйиндан кейин жамоага мос эмаслигимни айтишди.

- «Локомотив»га қандай келиб қолдинг?

- Йил давомида бирор профессионал жамоадан қўним топишга ҳаракат қилдим. Аммо бўлмади. Бу орада «Локомотив»нинг халқаро бўлими ходими Сардор Акрамов билан ҳаваскорлар жамоа­сида ўйнадим. Бир куни у қўнғироқ қилиб, «Локомотив» футзал жамоасида ўйнаш имконияти борлигини айтди.

- Футзалга чақиришгани оғир ботмадими?

- Ўзи мини-футболга мос келишимни тез-тез айтишарди. Қолаверса, олдимда бошқа вариант ҳам йўқ эди. Ўзбекистон футзал чемпионати олий лигаси эса - савия. Йўқотадиган нарса йўқлиги учун машғулотларда қатнашдим, кейин мураббийлар шартнома тузиш учун ҳужжатларимни олиб келишимни айтишди.

- «Локомотив»да нима ёқди?

- Мураббийлар штаби, жамоанинг ўзи ҳам. «Локомотив»да тушунарли стратегия бор, шунингдек, ёшларга эътибор катта. Яна уларга ёрдам берадиган тажрибали футболчилар ҳам бор.

- «Қўқон-1912»га қарши деб­ют ўйинингда Ўзбекистон чемпионатида илк голни нишонладинг. Ўз олдингга қандай мақсадлар қўйяпсан?

- Янада кўпроқ ишлашим керак. Албатта, ҳамиша ғалабага интиламан.

- Ҳозирда ўзбек футболининг энг кучли 3 нафар вакили?

- Биринчиси - Шомуродов. Иккинчиси - Машарипов. Учинчи ўринда икки футболчи бор: Жасур Яхшибоев ва Азиз Ғаниев.

- Онанг айтган энг унутилмас гап...

- Одобли ва ҳалол инсон бўл. Кексалар, ота-оналар, оила ва динни ҳурмат қил.

- «Узбекская кухня»нинг анъа­навий саволи: агар бирор таниқли шахс билан бир пиёла қаҳва устида 5 дақиқа суҳбатлашиш учун имконият берилса, ким билан гаплашишни хоҳлардинг?

- Футболчилардан бўлса, Роналдиньони танлайман. Умумий ҳолда айтсак, болалигимдан дин мен учун биринчи ўринда туради. Демак, агар шундай имконият туғилса, биринчи навбатда, жаноби пайғамбаримиз билан озгина суҳбатлашишни истардим, албатта.

Евдоким Раимов суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 07:17, 15.05.2021.
Ўқилди: 1540 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.