«Интер» ниҳоят, «Ювентус» гегемонлигига чек қўйди. «Нерадзурри» ҳаётидаги ғалабасиз ўн йиллик, чемпионатни 8-9-ўринларда тугатилган қайғули мавсумлар, Кузманович, Крхин ва Габигол сингари «мўъжизавий» футболчилар, мураббийлар қўнимсизлиги, Мауро Икарди билан боғлиқ можаролар ва шу каби бошқа ёқимсиз воқеалар ортда қолди. Жамоа 2010 йилдан кейин илк марта «скудетто» соҳибига айланди.
Клуб босқичма-босқич куч тўплаб, ахийри ниятига етди. Бунга қайсидир маънода рақобатчилар муваффақиятсизлиги ҳам сабаб бўлди: йўналишни ўзгартириш билан андармон «Ювентус» «скудетто»ни бошқаларга бой берди, «Наполи» салоҳиятидан фойдалана олмади, «Милан»га эса куч етмади. Бироқ «нерадзурралар»нинг бош соврин сари дадил интилишгани барча шубҳаларни аритади: улар ғалабага лойиқ эдилар. Хўш, мазкур зафар замирида нималар ётибди?
Хитой пуллари
«Интер» Моратти давридан буён илк марта муваффақият қозонди. Индонезиялик бизнесмен Эрик Тохирнинг ишлари юришмади, 2016 йили клуб бошқарувини қўлга олган Хитойнинг «Сунин» холдинги эса масалага жиддий ёндашди. Бу бадавлат ва ҳурматга сазовор компания «Милан» хўжайинларидан фарқли равишда хорижий хўжайинлар борасидаги шубҳа-гумонларни йўққа чиқарди. Асосийси, ёш президент Стивен Чжан «Кальчо»нинг ҳақиқий фанати эканлигини исботлади. Бу майда жиҳатлардан тортиб, барқарор инвестицияларда ҳам ўз аксини топди - «Сунин» «Интер» учун қарийб 700 млн. евро сарфлади. Ғалабалар ўша заҳоти келмади, аммо хитойликлар сабр билан пул тикишни давом эттиришди ва бу кейинчалик ўз самарасини берди. Энди вазият мутлақо ўзгача, клубнинг мақсадлари янада жиддийлашади, лекин бу энди келажак масаласи.
Конте фактори
«Скудетто»ни қўлга киритиш учун керакли инсонларни топиш талаб этиларди. «Интер» «ўз мураббийи»ни узоқ қидирди. Франк де Бур тажрибаси наф келтирмади. Стефано Пиоли омадли бошлаб, мавсум охирини бой берди. Лучано Спаллетти муносиб ишлаб, «Интер»ни Чемпионлар Лигасига қайтарди, бироқ «бўйидан баланд сакрай олмади». Шунда «нерадзурралар» Антонио Контени таклиф қилиб, унга 12,5 млн. евро йиллик маош белгилашди. Шу тариқа ушбу мутахассис «А» сериянинг энг кўп маош олувчи мураббийига айланди.
«Интер» пулларни нимага сарфлаётганини тушуниб турарди. Конте - миллий чемпионатларда ғалаба қозониш устаси, жамоани жисмонан яхши тайёрлайди, узоқ йўл учун кучни тўғри чамалайди. Асосийси, Антонио «Интер» футболчиларини ўз «энергия»си билан тўйинтирди, уларнинг менталитетини ўзгартирди. Ўйинчилар ўз мураббийлари учун курашишга тайёр эдилар. Конте ва спорт директори Маротта собиқ раҳбарлари Аньеллига нималарга қодирликларини исботлашга киришиб, буни аъло даражада уддалашди.
Барқарор ва тажрибали таркиб
Контенинг ихтиёрида яхшигина футболчилар бор эди. Сўнгги йиллардаги харажатлар ўзакни шакллантиришда асқотганди: Ханданович ва Брозович анчадан буён жамоадалар, де Врей, Шкриньяр ва Мартинес Спаллетти даврида келишган. Янги мураббий келгач, Лукаку ва Барелла (ва жароҳатлар сабаб салоҳиятини намоён этолмаган Сенси) харид қилинди. Натижада, «Интер» мавсум-2020|2021га шаклланган таркиб билан киришди. Эндиликда футболчилар гуруҳини сотиб олиб, уларнинг мослашишини кутишга эҳтиёж қолмаганди. Мавсумлар оралиғида самарали селекция ишлари олиб борилди: ўнг қанотга Ҳакими олинди, майдон маркази Видаль ҳисобига кучайтирилди, чап қанот учун ижарадаги Перишич қайтарилди. Гарчи ёш жиҳатидан катта бўлсада, жиддий вазифаларга тайёр мустаҳкам таркиб вужудга келди.
Лукаку - Мартинес жуфтлиги
«Интер»нинг нисбатан ёрқинроқ футболчилари сифатида ҳужумчилар жуфтлигини кўрсатиш мумкин. Лукаку ва Мартинес тандемига бир ярим йил аввал кўпчилик ҳавас кўзи билан қараган, бу икковлон бир-бирларининг ўринларини яхши тўлдира олардилар. Улар чемпионлик мавсумида ҳам савияни сақлаб қолишди. Ромелу - «А» сериянинг энг яхши тўпурарларидан бири (21та гол), нисбатан серқирра ҳисобланган Мартинеснинг голлари камроқ (15та) бўлсада, жамоанинг ҳужумларига жозиба бағишлайди. Муҳими, бу футболчилар ҳам позицион ҳужумларда, ҳам очиқ ҳудудларда муваффақиятли тўп суришмоқда: баҳайбат Лукакунинг тезкорлиги жамоа ўйинидан олинган энг ёрқин таассуротлардан биридир.
Ўйин баланси
Мавсум давомида «интерчилар» ҳужумкор ва ҳимоявий ўйин ўртасидаги балансни таъминлай олишди. Конте дастлаб қарши ҳужумларга асосланган футболга мойилдек туюлганди, аммо мавсум бошида «Интер» сермаҳсул жамоа сифатида кўриниш берди, 5:2 ёки 4:3 ҳисоби билан якунланган учрашувлар фикримизга исбот бўлиши мумкин. «Нерадзурралар» ўз дарвозалари олдида йўл қўйилган хатолар сабаб йўқотишларга учраб, куздаёқ етакчиликни эгаллаш имкониятини бой беришди. Чемпионлар Лигасидаги омадсизлик инқироздан сўз очишга сабаб бўлди, бироқ раҳбарият Контега ишонишда давом этди. Январь-февраль ойларида «Ювентус» (2:0) ҳамда «Милан»ни (3:0) енгган «Интер» ҳал қилувчи устунликка эриша олди. Рақиблар қалбига қўрқув солган ҳужумчилар жуфтлигига Барелла бошчилигидаги ярим ҳимоячилар қўшимча куч бағишлашди. Бошқа бир италиялик вундеркинд Бастони туфайли мудофаа чизиғи мустаҳкамланди.
Узун «ўриндиқ»
Ўтган мавсумда ҳам «Интер» етарли даражада кучга эга эди, «скудетто» учун астойдил даъвогарлик қилди, аммо барибир, «Ювентус»ни қувиб ўтишга мадори етмади. Бунга «ўриндиқ»нинг торлиги сабаб бўлганди: захирадагилар асосий таркибдагиларнинг ўрнини тўлдира олмадилар. Жорий мавсум бошида мавжуд камчиликни бартараф этишга уринишди, тиғиз тақвим шароитида бунга катта эҳтиёж туғилганди. Пандемия давридаги футбол шуни тақозо этмоқда: 11 нафар эмас, 22 нафар топ даражадаги футболчига эга жамоа ғалаба қозонади. Баҳорда бу омил яққол намоён бўлди, «Интер» етакчилари жисмонан толиқиб қолишганда, тажрибали захира вакиллари катта саҳнага чиқишди. Мисол учун, Маттео Дармиан «Верона» ва «Кальяри» билан ўйинларда ғалаба голларини урди. Ҳисобдан чиқарилган Кристиан Эриксен эса баҳорда «уйғониб», жароҳат олган Видалнинг ўрнини эгаллади ва асосий таркибнинг фойдали ўйинчисига айланди.
Бор эътибор - чемпионатга
«Интер» бир йил давомида бир нуқтага тикилди: асосий эътибор Италия чемпионатига қаратилди. Чемпионлар Лигасидаги омадсизлик Антонио Конте учун одатий ҳолга айланди, лекин еврокубокларни эрта тарк этиш бор кучни «А» серияга сафарбар этиш имконини берди. Реал ва потенциал рақобатчилар кучларини ЕЧЛ ва ЕЛ «плей-офф» босқичларига сарфлашаётганда, «нерадзурралар» турнир жадвалида улардан тобора узоқлашдилар. Бу йил «Интер»га аталганди ва якунда узоқ кутилган «скудетто» қўлга киритилди.
Д.АЛИМОВ тайёрлади