Лондоннинг "Арсенал" клуби бош мураббийи Арсен Венгер Премьер-лига 23-туридан жой олган "Болтон"га қарши учрашувда унинг жамоаси нега 3 очкони қўлга кирита олмаганига изоҳ бериб ўтди. Шунингдек, жамоанинг кейинги мақсадларига ҳам тўхталди.
"Биз икки очкони бой бердик. Ваҳоланки ютишимиз ҳам мумкин эди. "Болтон" муносиб қаршилик қилди. Тўпни назорат қилишга имкон бермади ва имконият келишини кутиб ўйнади. Шундай бўлсада биз рақибга қарши муносиб ҳаракат қилдик. Имкониятлардан унумли фойдалана олмаганимиз ачинарли.
"Болтон" футболчиларида тикланиш учун бизга қараганда бир кун кўпроқ вақт бўлди. "Астон Вилла" клубини мағлуб этиш учун кўп куч сарф этганимиз сабабли, бугун футболчилар ўзларини тўлиқ намойиш эта олишмади.
Лекин бизни узоқ йўл кутиб турибди. Англия чемпионатида кучли тўртликка кира олишимизга ишонаман. Кетма-кет учта ўйинни бой берган қийин вазиятни енгиб ўтишга муваффақ бўлгандик. Ҳозир ҳар бир ўйинга мамлакат Кубоги финали каби жиддий эътибор қаратишга тўғри келмоқда", дейди Арсен Венгер клуб расмий веб-сайтига берган интервьюсида.