19-20-июн кунлари Биринчи лига 11-тур учрашувлари ўтказилиши белгиланган. Мазкур тур доирасидаги шанба кунги учрашувлар ўз вақтида бўлиб ўтади, якшанба кунги 3 та беллашув эса турли сабаблар туфайли қолдирилган.
“Жомбой” — “Чиғатой” учрашуви Ўзбекистон У-18 терма жамоаси йиғини сабаб қолдирилди. Учрашувнинг аниқ санаси кейинроқ маълум қилинади. Ўзбекистон У-18 термаси бош мураббийи Миср мезбонлигида ўтадиган Араб кубоги мусобақаси учун “Чиғатой”нинг 5 нафар футболчисини йиғинга жалб қилган. “2021-йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар регламенти”нинг 8.6-бандида миллий ва олимпия термасига 3 ёки ундан ортиқ футболчисини берган клубнинг ўйинни кўчиришни сўраб мурожаат қилишга ҳақли экани баён қилинган. Гарчи Араб кубогида бу терма жамоалар иштирок этмаётган бўлса-да, “Чиғатой” клубининг 5 асосий таркиб футболчисини терма йиғинига этказиб бераётгани таҳсинга лойиқ. Шундан келиб чиқиб, учрашув санаси ўзгартирилди.
“Навбаҳор-фарм” — “Лочин” ўйини эса мезбонларнинг стадион билан боғлиқ муаммоси сабаб 23-июн кунига кўчирилди. 20-июн куни “Навбаҳор” асосий таркиби Суперлига доирасида майдонга тушади. Клуб машғулотларни қўшимча майдонда олиб боради ва бу майдонда, шунингдек, У-21 жамоаси ҳам уй учрашувларини ўтказади. “Навбаҳор-В” аёллар жамоаси ҳам айнан мана шу стадиондан фойдаланади. Майсага зарар этмаслиги учун фарм-клуб иштирокидаги учрашув уч кун кейин бўлиб ўтади.
“Зомин” — “Рубин” учрашуви ЎзПФЛ томонидан бекор қилинди. Регламентнинг 8.8-бандига кўра, Мусобақа учрашувларига икки бор узрсиз сабабларга кўра этиб кела олмаган жамоа иши ЎзПФЛ Ижроқўмига оширилиши ва шу тариқа клубнинг мусобақалардан четлаштирилиши белгиланган. “Рубин”да бундай ҳол икки бор такрорланди. Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ ишни ташкилот Ижроқўмига оширди. Қарор тез орада эълон қилинади.