Италия чемпионати 22-туридан ўрин олган «Чезена» ва «Катания» жамоалари ўртасидаги учрашув, Италия тинмаётган қорбўронлари сабаб, бошқа муддатга қолдирилиши мумкин. Бу ҳақда «Football Italia» интернет-нашри хабар бермоқда.
Аввалроқ ушбу учрашув Тошкент вақти билан 22:00дан 19:00га кўчирилган эди, аммо бу чора ҳам ўйиннинг ўтказилиши учун ёрдам бермаслиги мумкин. Айни вақтда «Чезена»нинг уй стадиони 50 сантиметрлик қор қоплами остида қолган бўлган, у нафақат ўйин майдони, балки автомобиллар тўхташ жойи, стадионга бориш йўлларини ҳам эгаллаган.
Маҳаллий маъмурият вакиллари иншоотни имкон қадар ўйинга шай ҳолатга келтиришга ҳаракат қилишмоқда. Аммо қорнинг тинмасдан ёғаётгани бунга имкон бермаяпти, дейилади «Football Italia» хабарида. Ўйиннинг ўтказиш ёки ўтказмаслик ҳақидаги қарор эртага, 4 февраль, шанба куни ўйин арафасида қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, айни шу сабаб билан «А» Серия 21-туридан ўрин олган 4 та ўйин ҳам номаълум муддатга қолдирилган эди.