«Бунёдкор»нинг Анталиядаги учинчи ўртоқлик учрашувида ҳам дуранг натижа қайд этилди.
«БУНЁДКОР» - «МЕТАЛЛУРГ» (Запорожье, Украина) 2:2 (2:0)
Голлар: Баҳодир Пардаев 30 (2:0), Баҳодир Пардаев 43 (2:0), Годой Жуниор 49 (2:1), Ян Ковалевский 86 (2:2)
«БУНЁДКОР»: Игнатий Нестеров, Славолюб Жоржевич, Анвар Ғофуров, Акмал Шораҳмедов, Саҳоб Жўраев, Лутфулла Тўраев, Эмиль Кенжисариев, Виктор Карпенко, Шавкат Саломов, Баҳодир Пардаев, Анваржон Солиев
Захирадан майдонга тушганлар: Руслан Мельзиддинов, Дилшод Жўраев
«МЕТАЛЛУРГ»: Виталий Руденко, Адольф Тейку, Дмитрий Галинский, Муҳаммад Ашраф, Юрий Штурко, Андрей Бойко, Андрей Цуриков, Евгений Писоцкий, Сергей Сидорчук, Евгений Опанасенко, Александр Ветров
Захирадан майдонга тушганлар: Алексей Белик, Годой Жуниор, Ян Ковалевский, Андрей Нестеров, Сергей Рудико
Украина Премьер-лигасига йўлланма олишга жуда-жуда яқин турган Запорожьенинг «Металлург» жамоасига қарши кечган учрашув кескин курашларга бой бўлди. Ўйиннинг илк дақиқаларидан то ҳакам ҳуштаги чалингунга қадар жамоалар тезкор ва комбинацион ўйин намойиш этишди. Қисқа қилиб айтганда жудаям тезкор футболдан учрашувни томоша қилган барча мухлислар баҳра олишди. Майдонда ҳаракат қилган футболчилар ҳам ўйин жозибасидан роҳатланишгани аниқ.
Илк дақиқалардан бошлаб «Бунёдкор» вакиллари тўпни ўз назоратларига олишди ва қисқа-қисқа паслар билан рақибни тўпсизлантиришди. Виктор Карпенко ва Шавкат Саломов каби қанот ярим ҳимоячилари жуда фаол ўйнашди. Қанотларни ўз вақтида тўп билан таъминлаб туришда марказдаги ўйинчилар - Лутфулла Тўраев ва Эмиль Кенжисариев жонбозлик кўрсатишди. Олдинги чизиқда ҳаракат қилган Пардаев-Солиев тандеми турли хил нуқталарда қулай вазиятларга чиқишиб, рақиб ҳимоячиларини «қийнаб» туришди. Шунингдек, қанот ҳимоячилари - Саҳоб Жўраев ва Акмал Шораҳмедов ҳужумларга қўшилишган паллаларда, Карпенко ва Саломов ҳужумчиларга ёрдамга ўтишди. Бундай ўйин кўрсатишни Миржалол Қосимов машғулотлар давомида шуғулланилаётган тактик режаларда футболчиларга уқтираётганди. Марказий ҳимоядаги Ғофуров-Жоржевич жуфтлиги ўз позицияларида бехато ўйин кўрсатишиб, Игнатий Нестеровга ортиқча юмуш қолдирмасликка ҳаракат қилишди.
Тўпни тўлиқ ўз назорати остига олган Қосимов шогирдлари рақибни тўлиқ ўз жарима майдончаси ичига қамал қилиб қўйди. У ёқдан бу ёққа, олдинга ва орқага, ёнга пас ўйнаб турган «қалдирғочлар» бирдан тезкор ҳужум ташкил этишди. Саломов-Шораҳмедов-Кенжисариев триоси Баҳодир пардаевни қулай вазиятга чиқаришди. Баҳодир эса Ўткир бурчак остидан туришига қарамасдан дарвозани аниқ нишонга олди - 1:0.
Биринчи бўлим якунланиши арафасида Лутфулла Тўраев марказдан чиройли пас ошириб Викор Карпенкони ўнг қанот бўйлаб олдинга бошлади. «Бунёдкор» сардори ўз услубида, яъни тўпни тўхтатмасдан жарима майдончасига узатди. Ўз тезкорлиги эвазига ҳимоячилар таъқибидан қочиб кетган Пардаев боши билан «Металлург» дарвозасига иккинчи голни киритди.
Танаффусда Миржалол Қосимов ўз шогирдларига янгидан-янги кўрсатмаларни бериб, жамоанинг ўйин услубини ўзгартирди. Яъни, мавсум давомида қўлланиладиган тактик ҳужумлар, футболчилар ўз позицияларини ўзгартирган паллаларда бошқа футболчи ўз шеригини ўрнини тўлдириш, шунингдек олис масофалардан узун-узун паслар ошириш борасида ўйин кўрсатила бошланди. Рақиб аъзолари эса ҳисобни тенглаштириш мақсадида натижа учун ўйнагани шундоққина сезилиб турди.
Натижада иккинчи бўлим бошларидаёқ «Металлург»нинг бразилиялик легионери Годой Жуниор ҳисобни тенглаштирди. Ўйин якунланиши арафасида эса яна ўша Жуниор яхши ҳаракат қилиб, Ян Ковалевскийни қулай вазиятга чиқарди. Нестеров билан бирга-бир вазиятга чиққан Ян дарвозани ишғол қилиб, ҳисобни тенглаштирди - 2:2.
Учрашувнинг 70-дақиқалари ўтиб бораётганида кучли ёмғир ва кутилмаган дўл ёғиб, ўйинни 7-8 дақиқа тўхтаб туришига сабаб бўлди. Сўнг жудаям хўл бўлган майдонда ўйин давом эттирилди.
Ҳозирги тайёргарлик пайтида олиб борилаётган ўртоқлик учрашувларида натижа муҳим эмас, аксинча тактик режаларни амалда қўллаб, жамоавий ўйинни шакллантирган ҳолда мавсумга яхши тайёрланиш.