Ироқ футбол ассоциацияси веб-сайтининг хабар беришича, ФИФА Ироққа мактуб йўллаб, 27 ноябрь куни бўлиб ўтган БАА - Ироқ ўртасидаги ўйинда Ироқ олимпия терма жамоасига техник мағлубият ёзилганини маълум қилган.
Ёдингизда бўлса, ўша ўйин Ироқнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди. ФИФАнинг айтишича, Ироқ ҳимоячиси Жассим Файсал 2та сариқ карточка туфайли бу ўйинни ўтказиб юбориши лозим эди.
Жассим Файсал БААга қарши ўйиндан аввал Австралия билан ўйиннинг 90+3-дақиқасида ҳакам томонидан огоҳлантирилган. Бу — битта огоҳлантириш. Регламентга кўра, аввалги босқичларда олинган сариқ карточка гуруҳ босқичига ҳам ўтади.
Жасим Файсал гуруҳ босқичининг 1-турида Ўзбекистонга қарши ўйинда огоҳлантириш олмаган. Шунингдек, у саралашнинг 2-босқичда "Озодий" стадионида бўлиб ўтган Эронга қарши жавоб ўйинида ҳам сариқ карточка билан жазоланмаган (бу ўйинда Ироқ 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган). Эронга қарши биринчи ўйинни эса Ироқ ўз майдонида ўтказган ва унда форслар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганига қарамай, кейинчалик Эронга техник техник мағлуб ёзилган (боиси, Қирғизистон билан бўлиб ўтган биринчи саралаш босқичининг уй ва сафар учрашувларида Камолиддин Камябиниа номли футболчи биттадан сариқ карточка олган). Хуллас, ўша Ироқда бўлиб ўтган ўйин ва кейинчалик техник ҳисоб билан алмаштирилган ўйин протоколини ОФК ўз сайтига тўлиқ қўймаган. Қўйилган протокол эса чала бўлиб, унда ироқликлардан фақат Мутанна Холид 34-дақиқада огоҳлантирилгани ҳақида маълумот бор.
Савол туғилади: Жассим Файсал биринчи сариқ карточкасини қачон олганди? Техник натижа ёзилган ўйинлардаги огоҳлантиришлар ўз кучини сақлаб қолади. Кўп нарсага Ироқ ва Эрон терма жамоалари ўртасидаги ўйин протоколи аниқлик киритиб бериши керак эди. Аммо ҳозирча бу протоколнинг тўлиқ ва тўғри вариантини топишнинг иложи бўлмади.
Ироқ футбол ассоциацияси ФИФАнинг ушбу қарори юзасидан норозилик хатини юбормоқчи. Ушбу ҳолат юзасидан бугун Ироқ матбуот анжуманини ҳам ўтказади. Унда ҳам кўп нарсаларга ойдинлик киритилади.
ФИФАнинг Тартиб-интизом қўмитаси ОФКга мактуб йўллаб, БАА-Ироқ ўйинида ироқликларга жазо сифатда техник мағлубият ёзилиши ҳақида маълум қилган.
Тартиб-интизом қўмитасининг ушбу қарори кучга кирадиган бўлса, БАА ҳам 8 очкога эга бўлади. Ироқ эса 1 очко билан олимпиада йўлланмасидан бутунлай маҳрум қилинади. Энг ёмони, биз учун албатта, БААнинг тўплар нисбати ҳам Ўзбекистонники билан тенглашади — 4:0.
Умуман олганда, мазкур саралаш босқичи кўплаб техник натижалар билан ёдда қолмоқда. Гуруҳ босқичининг Уммон-Қатар (1:1) ўйинида ҳам қатарликлар техник мағлубият ёзилганди.
Дарвоқе, терма жамоамиз раҳбарияти, саралаш босқичи регламентини тўла ўрганган ҳолда, кейинги ўйинларда мана шундай ҳолатга тушиб қолишнинг олдини олишлари мақсадга мувофиқ, албатта.