1994 йилги жаҳон чемпионатида финалида Роберто Баджонинг пенальтилар сериясидаги адашиши ва ЖЧ-2006 финалида Зиданнинг Матерацци билан жанжаллашиб, ўйинни эрта тарк этиши воқеаларини бир-бирига ўхшатавераман.
Баджо ҳам, Зидан ҳам ўз терма жамоаларини ўша финалларга елкаларида кўтариб олиб чиққанлар. Баджо Нигерия, Болгария, Испания каби жамоалар дарвозасига плей-оффда гол уриб, у қадар кучли таркибда эга бўлмаган жамоани ҳал қилувчи ўйинга олиб келган бўлса, Зиданнинг чорак финалда Бразилияга қарши ўйини бир футболчининг бир ўйинда кўрсатиши мумкин бўлган энг мукаммал ўйини бўлганди. Шартмиди, дейман, кейинги воқеалар...
Ахир ўшанда Баджо пенальтини урган тақдирда ҳам, бразилиялик футболчи ҳал қилувчи зарбани ижро этар ва барибир Бразилия чемпион бўларди-ку? Хўп, ўша Зидан ўша зорманда қизил карточкани олмаганда ҳам, ўша ўйин ўзи ниҳоясига етиб бораётган, ўйин барибир дуранг билан тугар ва пенальтилар сериясида италияликлар яхшироқ ҳаракат қилишлари мумкин эди-ку? Аслида ўша турнирларда энг асосий ишни қилиб, жамоани финалчига айлантирган бу буюк футболчиларнинг айбсиз айбдорга айланиб қолишлари футбол учун зарурмиди?
Бошқа тарафдан қараганда, ҳа, шу ишлар бўлиши керак эди. Шарт эди. Айнан мана шу хатолар туфайли, ҳар доим, тўхтамай, унутмай, Баджо ва Зиданнинг ўз терма жамоаларини финалгача етаклаб борганликларини айтяпмиз-ку, тўғрими? Агар Баджо ўша пенальтини урганида, Зидан Матераццига калла қўймаганда, ўша ўйинлар ўз вақтида тугар, ўша натижалар қайд этилар ва балки, биз ўша финалларни эслаганда, Баджо ва Зидан эсланмасди, нима дедингиз?
Италия АҚШ да пенальтилар сериясида Бразилияга ютқазган. Германиядаги мундиалда Италиянинг Франция устидан қўли баланд келган, тамом. Баджо уролмаганди, Зидан қизил карточка олмаганди, деган гаплар қўшимча қилинмасди. Тақдирнинг ҳазилини қарангки, айнан ўша хатолар бу футболчиларнинг ўша финаллар ҳақида гап борганда, эсланадиган қилиб қўйди. Ўз-ўзидан тарих уларнинг мана шу финал йўлида кўрсатган ажойиб ўйинлари ва меҳнатларини муҳрлади. Қойил.
Қаҳрамон Асланов