«Катания»га қарши Италия чемпионати 18-тур учрашувининг 25 дақиқалик давоми якунлаганидан сўнг (1:1) «Рома» маълум муддат давомида Римга қайта олмади.
Этна вулқонининг ҳаракатга келиши ҳамда вулқон кулининг тарқалиши натижасида «Рома» аэропортда қолиб кетди ва бир кечани Сицилияда ўтказишга мажбур бўлди.
Ўрни келганда айтиш жоиз, аслида 15 январь куни якунига етиши керак бўлган ўйин кучли Катанияда кучли ёмғир ёғиши натижасида 65-дақиқада тўхтатилган эди.
«Ҳар сафар Катанияга келганимизда нимадир содир бўлади! Бу сафар Этна вулқонининг отилиши сабаб аэропортни ёпиб қўйишди, энди биз шу ерда қолишимиз керак. Нима ҳам қила олардик», деб ёзди «Рома» бош мураббийи Луис Энрике «Twitter»даги ўз саҳифасида.
Қизиқ томони, «Рома» «Катания» майдонида охирги марта 1970 йили ғалаба қозонган. Римликлар 2007 йили сафар учрашувида «Катания»ни мағлубиятга учратган, аммо у ўйин, «Катания» ишқибозларининг айби билан бетараф майдон — Леччеда ўтказилганди.