«Удинезе» бош мураббийи Франческо Гвидолин Италия чемпионати 23-туридан ўрин олган «Милан»га қарши ўйин олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан, бўлажак ўйинда ижобий натижага эришиш учун шогирдлари идеал ўйин кўрсатишлари кераклигин айтиб ўтди. Бу ҳақда «Удинезе» расмий сайти хабар бермоқда.
«Ҳозир бизнинг бор эътиборимиз «Милан»га қарши ўйинга қаратилган. Сўнгги вақтларда биз унчалик ҳам кўп очко ишлай олганимиз йўқ. Жамоа айни вақтда энг яхши дамларни бошдан кечираётгани йўқ, аммо биз бундан ўтиб кета олишимиз керак», деди италиялик мутахассис.
«Бўлажак ўйинда ижобий натижага эришиш учун «Удинезе» аъло даражада ўйин кўрсатиши керак», дея қўшимча қилди клуб бош мураббийи Франческо Гвидолин.
«Иброҳимович «Милан»нинг асосий ўйинчиларидан бири. Бир қатор учрашувларда у бир ўзи ўйин натижасини ҳал қилган. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам ҳозирги «Милан» таркиби жиҳатидан Италиянинг энг кучли клуби. Унда Иброҳимовичдан бошқа кучли ижрочилар ҳам кўп», деди «Удинезе» устози.
Златан Иброҳимович Италия чемпионати 22-тури доирасида «Наполи»га қарши учрашувда рақиб ҳимоячиси Сальваторе Арониканинг юзига ургани учун учта ўйинга четлатилгани боис, «Удинезе»га қарши учрашувда россонериларга ёрдам бера олмайди.
Эслатиб ўтамиз, «Удинезе» ва «Милан» ўртасидаги баҳс 11 февраль, шанба куни, Тошкент вақти билан 22:00да бошланади. Айни вақтда «Милан» 22 учрашувдан сўнг 44 очко билан иккинчи ўринда бораётган бўлса, худди шунча ўйин ўтказган «Удинезе» 41 очко билан тўртинчи ўринни банд этиб турибди.