Ортда қолган Токио-2020 Олимпия ўйинларида спортчиларимизнинг чиқишига оид қизиқарли фактларни улашишда давом этамиз. Навбатдаги факт Олимпиада чемпиони ва рекордчиси Акбар Жўраев ҳақида.
Оғир атлетикачимиз -109 кг вазн тоифасида иштирок этиб, 5 йил аввал Руслан Нурудинов каби асосий рақобатда арманистонлик Симон Мартиросянни ортда қолдиришга муваффақ бўлди. Қизиғи, у ҳам силтаб кўтариш машқида Нурудинов каби 237 кг тош кўтариб, Олимпиада рекордини ўрнатди.
Яна бир жиҳати, агар Жўраев +109 кг вазн тоифасида ҳам иштирок этиб, шу натижани қайтара олганида, катта вазн тоифасида бронза медалига эга чиқиши мумкин эди. Ушбу вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлган суриялик Ман Асад икки кураш натижаси бўйича 424 кг тош кўтарган. +109 кг вазн тоифасида кумуш медаль соҳиби эронлик Али Довуди 441 кг, олтин медаль соҳиби ва жаҳон рекордчиси, грузиялик Лаша Талахадзе эса 488 кг натижа қайд этган эди. Бу борада Акбар Жўраев 430 кг оғирликни қайд этганини эслатиб ўтамиз.
Эркаклар ўртасидаги барча вазн тоифаларида ғолиблар ёки Олимпиада, ёки жаҳон рекорди билан олтин медални қўлга киритишди.