Кириш Регистрация
30/12 00:45 Милан 1-1 Рома
30/12 22:30 Комо 2-0 Лечче
31/12 00:45 Болонья 2-3 Верона
31/12 00:45 Ипсвич 2-0 Челси
31/12 00:45 Астон Вилла 2-2 Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед 0-2 Ньюкасл

Ҳар сафаргисидан ҳам қизиқроқ А Серия. Старт олдидан итальян грандларининг потенциали қай кўринишда?

Баҳо:
+ | -

А Cериянинг ўтган мавсуми, тарихий воқелик сифатида кўпчиликнинг ёдида қолиб кетди.

«Интер» «Ювентус»нинг узоқ давом этган гегемониясини бузиб, 11 йил деганда мамлакат чемпиони номини ўзгартирди. «Милан» узоқ йиллик танаффусдан сўнг ниҳоят Чемпионлар Лигасига қайтди. «Аталанта» иккинчи мавсумдирки, ўзининг етук ўйини ва топ-клуб мақомини тасдиқламоқда. Италия чемпионатининг бугун бошланадиган янги мавсуми янада қизиқарли ва ҳаяжонли воқеаларни мухлисларга ваъда қилиши тайин. Стадионларга ҳам томошабинлар қайтишни бошлаган. 

Stadion.uz эса Скудетто учун асосий даъвогар жамоаларнинг имкониятлари хусусида фикр алмашади. 

Лидерисиз қолган «Интер»

Мамлакатнинг амалдаги чемпиони ўз кубогини бу сафар ҳимоя қилиши анча қийин бўлади дея тахмин қилинмоқда. Ёзда «Интер» ўзининг энг яхши ишонган тоғлари - Ромелу Лукаку ва Ашраф Ҳакимиларни қўйиб юборди. Бу ерда раҳбарият қўйган талабга қарши чиқишнинг иложи бўлмади. Оғир молиявий аҳвол сабабли жамоа юқоридаги футболчиларини сотишга мажбур бўлди. Улардан олдинроқ Контега ҳам истеъфо берилди. Узоқ йиллик танаффусдан сўнг жамоага чемпионликни тақдим этган мураббий учун бу албатта ҳурматсизлик белгисини билдирарди. Клуб раҳбарларининг фикрича, ютиб берилган кубок қайтага бош стаффга қимматга тушиб кетган. Нақадар мантиқсиз ҳолат!

Кўриниб турибдики, бу «нерадзуррилар»нинг амалга оширган мажбурий чораси эди, лекин раҳбарлар бу футболчиларга ҳеч бўлмаганда муносиб ўринбосар ҳам топа олишмади. Ҳакими ўрнига «қора-кўклар» ПСВдан Дензел Дюмфрисни 12,5 миллион еврога сотиб олишди. Голландиялик футболчи ўз чемпионатида ўзини яхши томонлама кўрсатганди, аммо унинг А Серияда қандай ўйнаши ҳалигача сўроқ остида турибди. Хўш, 35 ёшли Эдин Жеко қандай формада? Кўпйиллик тажрибасига қарамасдан у барибир Лукакуга ҳақиқий ўринбосар бўла олмайди. Шу маънода ҳам «Интер»ни яққол лидерсиз қолган жамоа сифатида таърифласак бўлади. Симоне Индзагининг «Лацио»даги ишончли ўйини энди «Интер»да Скудеттони ютишга етармикан?

«Ювентус» Скудетто пойгасига қайтмоқда

Бундай дейишимизга сабаб мавсум сари аҳволи ёмонлашиб бораётган «зебралар» бошига жамоанинг тажрибали ва ўзига қадрдон мураббийи Аллегри қайтганлигида. Ўтган мавсум «Ювентус» ва раҳбарият учун анчайин ҳалокатли якунланди. «Бьянконерилар» юқорида таъкидлаганимиз, кетма-кет тўққиз мавсумлик гигамониясидан сўнг ғолибликни «Интер»га бой бериб қўйишди. Чемпионлар Лигасида эса доимгидек илк босқичларданоқ қоқилди. Бу сафар Аллегри билан энди «кекса синёра»нинг чемпионлик учун имкониятлари сезиларли даражада ошиши табиий ҳол.

Қолаверса, «Ювентус» трансферлар бозорида жуда яхши ишлаяпти. «Бьянконерилар» умидли ҳужумчи Кайо Хорхе билан шартнома имзолади, «Шальке»дан умидли Уэстон Маккеннини сотиб олди ва «Сассуоло»дан эса Мануэл Локателли ижарага олинди. Булар албатта «Ювентус»нинг А Серия ғолиблиги учун имкониятларини кескин оширса ажаб эмас.

Моуриньонинг қайтиши

Жозе Моуриньонинг «Рома» бош постига тайинланиши А Сериянинг мавсумлараро энг катта янгиликларидан бири бўлди десак янгилишмаймиз. Португалиялик мутахассиснинг бу ерга қайтиши чемпионатга бўлган қизиқишни янада оширгани рост. Моур А Серияда ғолибликни қўлга киритган. Аммо бу воқеа содир бўлганига 10 йилдан ошиб кетди. Рим клубига тайинланиш, у учун бир томондан қийинчилик, иккинчи томондан эса танқидчиларга ўзининг топ мураббий бўлиб қолаверишини исботлашига сўнгги имконият.

«Бўрилар» Моуриньо бошчилигида ўзини қандай кўрсатиши эса барчага бирдек қизиқ. Жамоанинг Конференциялар лигасига катта масъулият билан ёндашишлари даргумон. «Рома»нинг асосий мақсади албатта, келаси мавсум учун Чемпионлар Лигасига йўлланмани қўлга киритиш бўлади. Албатта, португалияликнинг келиши римликлар учун мунтазам оммавий ахборот воситалари нишонида бўлишини таъминлайди, бироқ шу ўринда натижаларни ҳам унутмаслик керак.

«Милан»нинг амбициялари

Ўтган мавсумда «Милан» А Cерияда 2-ўринни эгаллади ва бу жамоа учун катта муваффақият сифатида эътироф этилди. «Россонерилар» узоқ вақтдан бери биринчи марта Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритишди, лекин мураббий ва футболчилар бу билан чекланиб қолмоқчи эмаслар. Энди «қизил-қоралар» икки фронтда ҳам тенг даражада курашишларига тўғри келади. Келгуси мавсумда Стефано Пиоли шогирдлари бу борада жиддий синовдан ўтсалар ажаб эмас. Аммо «Милан» тарихий жиҳатдан ўз амбицияларига эга бўлган жамоа.

Клуб доимий равишда таркибни кучайтириш устида ишлаб келади. «Россонерилар» трансферлар ойнасида анча фаол бўлди. Клуб Лига 1нинг энг яхши дарвозабонларидан бири Майк Менян билан шартнома имзолади. Шунингдек, Оливье Жиру каби ҳужумчи ҳам жамоага қўшиб олинди. «Қизил-қоралар» ўз навбатдаги Фикайо Томори ва Браим Диаз каби муҳим ўйинчиларни жамоада сақлаб қолишга эришди. Шу ва бошқа жиҳатларни-да олиб қаралса, «Милан» ўсишда давом этмоқда ва ҳар қандай ҳолатда ҳам чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири бўлиб қолади.

«Наполи»нинг умидлари бу сафар ҳам пуч ёнғоққа айланадими?

Ўтган йилги мавсумда «Наполи»га Чемпионлар Лигасига чиқиш учун биргина очко етишмади холос. 2019/20 йилги мавсумда неаполликлар А Серия турнир жадвалида 7-ўринни эгаллаган эдилар. «Адзурри» президенти Аурелио Де Лаурентис келаси мавсумдан бошлаб жамоадан умидлари катта эканлигини айтганди. Лекин мақсадларга эришиш учун 2 йилдан бери машғулот ўтказмаган Лучиано Спалеттининг тайинланиши бизга анча мантиқсиз ҳолатдек туюлмоқда. Де Лаурентиснинг ўзи мавсум бошланишидан олдин жамоада баъзи муаммолар борлигини очиқчасига тан олди. «Наполи» трансферлар ойнасида ўзининг икки ҳимоячиси ва бир ярим ҳимоячисини йўқотди.

Харидлар борасида эса биргина «Интер»дан қанот ҳимоячиси Маттео Политано сотиб олинди. Бундан ташқари, дарвозабон Давид Оспина, ҳужумчи Дрис Мертенс ва жамоа сардори Лоренсо Инсиньелар билан шартномалар узайтирилди. Неаполликларга ҳар доим чемпионлик йўлида нимадир тўсқинлик қилиб қолади. Янги мавсумда эса қандай бўлади - буни вақт кўрсатади.

Саррининг «Лацио»даги юриши - сирли жамоа

Саррининг «Лацио»га тайинланишига бироз кутилмаган ҳол сифатида қаралди. Мутахассиснинг олдин «Ювентус» ва «Челси» каби клубларни бошқарганини ҳисобга олсак, бу бироз кутилмаган қарор бўлди. Ҳар доим италиялик мураббий ўз жамоасига мослашиб олиш учун 1 мавсумни қурбон қиларди. Мураббийга вақт берилиши майли, кутилар, лекин футболчиларнинг савияси унинг талабларига жавоб бера олармикин, бу бошқа масала.

Саррининг «Челси»ни тарк этишида унга «кўк»ларнинг янги футболчилар билан шартнома имзолай олмагани сабаб бўлганди. Римда мутахассиснинг жамоани кучайтириши учун раҳбарият кўп пул сарфлай олмайди. «Бургутлар»нинг таркиби эса анча эски. Энг асосийси, янги мураббийнинг услуби футболчилар аввалроқ ўрганганлари - Индзагининг ўйинидан бутунлай фарқ қилади. Умуман олганда, «Лацио» мавсум олдидан катта жумбоқли жамоа бўлиб қоляпти. Аммо бошқа томондан Сарри ишлаган жамоалар доим барчага қизиқ бўлган.

Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади

Киритилди: 20:32, 21.08.2021.
Ўқилди: 5095 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.