Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Канчельскис «Навбаҳор» билан бўлган вазият ҳақида гапириб берди

Баҳо:
+ | -

“Навбаҳор” клуби ФИФА қарорига кўра, собиқ бош мураббий Андрей Канчельскисга 1,6 миллион доллар тўлайдиган бўлди.

Россиялик мутахассис “Навбаҳор”да 2018 йил октябридан 2019 йилнинг июнигача ишлаган. Ўша йилнинг август ойида россиялик мураббий яна жамоага қайтди ва 2020 йил октябргача ишлади. Клуб мураббий билан келишилган пулларни тўлаб бермагач, Канчельскис ФИФАга мурожаат қилди. Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси мураббийнинг шикоятини кўриб чиқди ва у ҳақ эканлиги тўғрисида баёнат берди. Энди “Навбаҳор” 30 кун ичида мураббийга қарзни бериши керак бўлади.

Бу воқеадан кейин "Матч ТВ" Канчельскис билан интервью уюштирди.

— Шартнома бекор қилинишининг асосий сабаби нима эди?
— Биринчидан, бу футболда кузатиладиган ҳолат. Сизга пул тўланмаганидан кейин сабр ҳам тугайди. Клубда профессионал бўлмаган ходимлар билан ишлаш ҳам бунга сабаб бўлди. Футбол одами бўлмаган шахслар билан баҳслашиш, уларга доимо ниманидир тушинтириш вақт ўтиши билан жонимга тегди. Мен фақат мухлисларга ачиндим, уларнинг клубини футболга алоқаси бўлмаган шахслар бошқаряпти.

— Сиз айтаётган профессионал бўлмаганлар кимлар?
 — Булар клуб ичига кириб қолган оддий тадбиркорлар. Бунақа ҳолат Россия клубларида ҳам учраб туради. Бошқа соҳадаги баъзи инсонлар сизга футболни тушинтирмоқчи бўлишади.

— Сиз айтиб ўтган ишбилармонлар сизни жамоага таклиф қилган, шундайми?
— Йўқ, мен Наманган вилояти ҳокими билан музокара олиб боргандим, кейин у бошқа лавозимга ўтиб кетди. Мен у ерда бўлганимда, клубда уч марта раҳбар ўзгарди. Раҳбариятнинг ўзгариши ҳар доим ҳам ижобий таъсир кўрсатмайди. Иккинчи мураббий Алексей Беленков билан биргаликда биз бунга эътибор бермасликка ҳаракат қилдик ва максимал даражада ишладик. Натижада Беленков тушунарсиз нарсада айбланиб, ишдан бўшатилди. Шунингдек, у ҳам ФИФАга шикоят билан чиқди ва ижобий қарорни кутмоқда.

— У сиздан анча олдин шикоят қилганди. Сиз Канчельскис бўлганингиз учун тезроқ ечим топдингизми?
— Йўқ, асло ундай эмас. ФИФА унинг масаласида аллақачон қарор қабул қилган. Ҳозирда Спорт арбитраж суди қарори кутилмоқда.

— Клуб ўзингиз билан келишиб кўришга уринмадими?
— Менинг шартномамдаги миқдордан ташқари улар яна 200 минг доллар компенсация бериши керак эди. Бу қўшимча пулнинг ичида менинг саломатлигим ва қўшимча харажатлар кўзда тутилганди. Мен ён беришга тайёр эдим, лекин ҳозир ҳеч қандай муросага келиш мумкин эмас. Улар менга Тошкентдаги хусусий клиникада коронавирус билан даволаниш учун сарфлаган маблағимни ҳали ҳам қайтаришмади, гарчи бу бир йил олдин бўлган бўлса-да. Айтганча, даволаниш шартномада кўрсатилган эди. Мана шундай муносабатда бўлишди. Энди улар ўзларининг вариантлари билан олдимга келишяпти, лекин бу масала мен учун ёпилган.

— Бу воқеа клубга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
 — “Навбаҳор”га қандай чоралар кўрилишини билмайман. Мен одамлар бундай ҳаракатларга йўл қўйилмаслигини тушунишини истардим. Улаф ФИФА ва CАS каби тузилмалар борлигини тушунишини истардим.

— Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида “Навбаҳор” раҳбарияти сизни ичкиликбозликда айблаётганини ёзишди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
— Улар ҳам нимадир деб, ўзларини оқлаши керак-ку. Мен доим “Навбаҳор” базасида яшаганман. Агар сиз айтган ҳолат кузатилганда футболчилар буни кўрган бўлишарди. Агар мен билан ишлаган биронта футболчи бу гапни айтса, бу туҳматдан бошқа нарса эмас.

— “Навбаҳор”га қайтганингиздан афсусланмайсизми?
— Қачонки, сиз билан вилоят ҳокимининг шахсан ўзи гаплашиб, жамоага таклиф қилганда рад жавобини бериш қийин бўлади. Принципиал жиҳатдан мен ҳеч қандай пушаймон эмасман. Пандемиядан олдин биз яхши натижаларга эришдик, биз учинчи ўринда эдик. Кейин, бутун жамоа коронавирус билан касалланди, қийин давр бошланди ва раҳбарият қўллаб-қувватлаш ўрнига, негатив фикрлар билдира бошлади. Клубнинг оғир молиявий аҳволини тушуниб, маошимни ҳам қисқартиришга рози бўлдим. Аммо улар буни ҳам инобатга олишмаган кўринади.

— “Навбаҳор”даги ишингизни қандай баҳолайсиз?
— Менга ўз ишимни баҳолаш қийин. Мен клубда бўлганимда, учта футболчи терма жамоага, яна биттаси Олимпия терма жамоасига чақирилган. Ўрунов ҳатто Россия чемпионатига кўчиб ўтди.

Натижаларга келсак, “Пахтакор”га қарши жанг қилиш жуда қийин бўлди. Гарчи биз унга ҳар сафар жанг таклиф қилган бўлсак ҳам. Мухлисларга раҳмат! Улар жуда қизиққон, лекин адолатли. Уларга саломатлик тилайман. Афсуски, шундай ҳолат юз берди.

— Ўзбекистон футбол раҳбариятига қандай маслаҳат берардингиз?
— Биз профессионал клублар бошқарувида нималар бўлаётганини яқиндан кузатиб боришимиз керак. Ҳукумат пулини оладиган баъзи жамоа раҳбарлари уни самарасиз сарфламоқда. Яъни, мусобақалар ва клубларни бошқаришда профессионал бўлмаган менежментни кўрамиз. Бу борада ўзбек футболи даражасида пасайиш кузатилмоқда. Вазият Россияда ҳам худди шундай.

Профессионаллар етарли эмас. Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарияти менталитет, имкониятлар, мақсадларни ҳисобга олган ҳолда ўйинни ривожлантириш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиши зарур.

Ўзбекистонда футболни яхши кўришади ва қандай ўйнашни билишади. Захирани тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш ва Европанинг кучли лигаларига футболчиларни экспорт қилишни йўлга қўйиш имкониятлари уларда ҳам мавжуд. Масалан, Аҳмедов, Шомуродов ёки Ўруновни олайлик. Афсуски, Ўзбекистонда профессионал менежерларни тайёрлаш даражасини яхшилаш учун шароит яратилмаган. Мен ўз тажрибамдан амин бўлдимки, федерация ва лига раҳбарияти таълим дастурини ишлаб чиқишни бошлаши ва ўзбек футболи фахрийларини менежмент, иқтисодиёт ва спорт ҳуқуқи бўйича ўргатиш керак. Нопрофессионаллик ва очкўзлик рақобатнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Шу билан бирга, мамлакатда ҳавас қиларли раҳбарлар ҳам бор, лекин футболни тушунадиган ва унга ғамхўрлик қиладиган сифатли менежерлар етишмаяпти. Ҳамма умид шундай кадрларни тарбиялашдан иборат.

Киритилди: 20:16, 31.08.2021.
Ўқилди: 4209 марта.
Фикрлар: 22 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.