Токио шаҳрида якунига етган Паралимпия ўйинларининг енгил атлетика йўналишида Нурхон Қурбонова кумуш ва бронза медалини қўлга киритганидан хабарингиз бор.
Айни дамда спортчиларимизни кутиб олиш маросими давом этмоқда.
ЎзА мухбири Паралимпия ўйинларида икки медални қўлга киритган Нурхон Қурбонова билан нуфузли мусобақа таассуротлари ҳақида суҳбатлашди.
– Паралимпия ўйинларининг икки медали муборак бўлсин. Мусобақа ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
- “Токио-2020” мусобақасининг пара енгил атлетика тури бўйича диск, найза ва ядро улоқтириш йўналишида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилдим. Афсуски, дастлаб ҳаяжон ва кичик хатолар сабаб диск улоқтиришда медални қўлга кирита олмадим.
Мураббийимнинг аниқ кўрсатмалари, руҳан тайёрлаши менга далда бўлди ва ядро улоқтириш бўйича 7.77 метр натижа билан бронза медалига сазовор бўлдим. Шунингдек, “F54” классида найза улоқтириш бўйича ўтган баҳсларда 18.38 метр натижа билан шахсий рекордимни янгиладим ҳамда кумуш медални қўлга киритди.
– Паралимпия ўйинларида иштирок этишнинг ўзи улкан бахт! Айтингчи, шу икки медални олтин медалга алмаштирган бўлармидингиз?
– Олимп чўққисини забт этиш ҳар бир спортчининг орзуси. Тўғри, бу медалларга эришиш ҳам бир орзу. Бу меҳнатим, матонат ва мураббийларимнинг аниқ кўрсатмалари эвазига эришилган натижа. Албатта, олтин медаль барча медаллардан устун. Насиб қилса Парижда ўтадиган Паралимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритаман.
– Самимий суҳбатингиз учун раҳмат!
– Фурсатдан фойдаланиб, биз учун барча имкониятларни яратиб бераётган Президентимизга, Миллий паралимпия қўмитасига, мени дуо қилиб ғалаба тилаган халқимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
ЎзА мухбири Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ суҳбатлашди.