Англиянинг "Манчестер Юнайтед" клуби келаси мавсумдан бошлаб киядиган янги формалари дизайни кўпчилик мухлислар орасида тушунмоқчиликларга сабаб бўлмоқда, дейди mirrorfootball.co.uk.
Айниқса "МЮ"нинг ашаддий ишқибозлари бўлган болакайларнинг ота-оналари клубни спекуляцияда айблаб чиқишди. Сабаби, янги либослар аввалгиларига қараганда бироз қимматроқ нархда бўлар экан.
Маълумотларга қараганда "Nike" компанияси клуб билан янги 5 йиллик шартномага имзо чеккан. Жамоа келаси мавсумдан бошлаб янги либосларда майдонга тушиши кутилмоқда. Янги либосларнинг тақдимоти расман май ойига мўлжалланган бўлсада, интернетда аллақачон ушбу янги либосларнинг суратлари пайдо бўлди. Янги дизайн "МЮ"нинг жуда кўп мухлисларига хуш келмаган.
"Дизайн умуман, тўғри келмайди. Бу дизайн, бу ранглар "МЮ"нинг 90-йиллардаги либосларини эслатиб юборади. Ўша пайтлари жамоа ўзига ярашмаган ёрқин рангдаги футболкаларда тўп сурар эди. Бу ранглар ҳам ўша ёрқинликнинг ўзгинаси. Бу футболкаларда футболчилар майдонда бир-бирини кўра олишлари қийин бўлади. Буларнинг ҳаммаси мўмайгина даромад олиш олиш учун қилинганлиги аниқ. Аммо, мен ишқибозларнинг янги либосларни ҳарид қилиш учун дарҳол магазинларга чопишларига ишонмайман", дейди "Қизил Иблислар"нинг ашаддий ишқибозларидан бири Дейв Робертс.
Статистик маълумотларга қараганда, бутун дунё бўйлаб "Манчестер Юнайтед"нинг ишқибозлари сони 333 миллион киши атрофида. Биргина Ҳиндистоннинг ўзида Буюк Британияга таққослаганда "МЮ"нинг ишқибозлари сони 6 баробар кўпроқ. Хитой ва Индонезияда ҳам жамоанинг миллионлаб ишқибозлари бор. Клуб ҳар йили 1.5 миллионга яқин футболкаларини сотишга муваффақ бўлади. Бу кўрсатгич эса, ҳар йили ўзгариб бормоқда.
Буюк Британияда болалар муаммолари ва тарбияси билан шуғулланувчи "Siobhan Freegard" ташкилоти ҳам бу борада чиқиш қилди.
"Профессионал клубларнинг ҳар мавсумда ўз либосларини алмаштириб туришлари нормал ҳолат. Аммо бу кўплаб футболга муккасида кетган ёш болакайларнинг ота-оналарига қийинчиликларни тақдим этмоқда. Болалар ҳам ўз навбатида янги либослар комплектини кийишни истайди. Аммо бу уларнинг ота-оналари ҳамёнига 100 фунт стерлинг миқдорида зарар келтиришини қайд этиш лозим. Бундай сумма ҳар бир олила учун катта ҳисобланади", дейилади ташкилотнинг расмий сайти бўлмиш Netmums.сом.да.
"МЮ" вакиллари ҳозирда ушбу ҳолатга нисбатан ўз муносабатларини билдиришганича йўқ.