Хабарингиз бор, Тошкент шаҳри шу кунларда 2006 йилда туғилган ёшлар ўртасидаги «Профессионал футбол мактаблари лигаси» мусобақасининг Республика босқичига мезбонлик қилмоқда.
Мазкур мусобақанинг финал босқичида иштирок этиш учун юртимизнинг барча ҳудудларидан жамоалар пойтахтга етиб келишган.
Бугун ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигидаги мутахассислар футболчилар жойлашган меҳмонхонага ташриф буюрди. Учрашув аввалида Равшан Эрматов футбол маҳорат мактабидаги жамоаларнинг мураббийлари билан суҳбатлашди.
Ҳозирги замонавий футболдан ҳолатидан келиб чиқиб, ўз ишларига илмий ва таҳлилий ёндашишлари кераклиги таъкидланди. Шунингдек, бу йўлда мураббийлар доимий ўз устиларида ишлаб, махсус курсларда малака ошириб боришлари лозимлиги қайд этилди.
Учрашувнинг иккинчи қисмида футболчиларнинг яшаш ва овқатланиш шароитлари, теория дарсларини ташкил этилиши билан яқиндан танишилди.
Ёш футболчилар билан мулоқот очиқ тарзда ўтиб, унда аввало мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар, шунингдек, спорт мусобақалари ҳақида суҳбатлашилди. ЎФА вакиллари мусобақада иштирок этаётган барча ёш футболчиларга омад тилашди.
Шундан сўнг Равшан Эрматов бугунги кунда болалар-ўсмирлар футболи ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Сервер Жепаров ва Одил Аҳмедов ҳамроҳлигида Навои - Наманган терма жамоалари ўйинини бевосита стадиондан кузатиб борди.