"Нью-Йорк Ред Буллс" ҳужумчиси Тьерри Анри яқиндагина ижара асосида бир қанча муддат "Арсенал"да тўп суриб кетганидан хабарингиз бор. ВВС мухбири билан бўлган суҳбатда франциялик машҳур ҳужумчи ижара шартномаси якунига етганидан ва келаси турда "Тоттенҳэм"га қарши кечадиган Лондон дербисида "Арсенал"га ёрдам бера олмаслигидан афсусда эканлигини айтиб ўтди.
"Ижара шартномам бироз эртароқ якунига етганидан афсусдаман. Навбатдаги турда "Арсенал" "Тоттенҳэм"га баҳс олиб боради. Ушбу учрашувда майдонга тушишни жуда хоҳлар эдим. Умуман, бу дерби Лондондаги энг кучли дербилардан бири. "Тоттенҳэм"га қарши кечадиган баҳс доимо "Арсенал" учун катта аҳамият касб этган. Сўнгги ўн йилликда "Арсенал" "Тоттенҳэм"дан устунлик қилиб келди. Аммо, ҳозир вазият ўзгарди. Ҳозирда "Тоттенҳэм"нинг "Арсенал"дан кучли эканлигини тан олиш лозим. Шундай бўлса-да, "Арсенал"нинг бу учрашувда 3 очкони қўлга киртишига ишонаман. Жамоа мухлислари учун ҳам "Арсенал" ғалаба қозониши лозим. Бундай дербида ғалаба қозониш футболчиларга ортиқча куч бағишлайди.
"Турнир жадвалидаги вазият ҳақида гапирадиган бўлсам, "Арсенал"нинг кучли тўртликка кириши бироз қийин кечиши табиий. Аммо, барчаси "Арсенал"нинг ўз қўлида. "Юнайтед", "Сити" ҳамда "Тоттенҳэм"нинг кучли учликни сақлаб қолишига шубҳам йўқ. Тўртинчи жамоа эса "Арсенал" бўлишини итсайман. Олдинда узоқ масофа бор. Бу вазифани уддаласа бўлади",- дейди "Арсенал"нинг собиқ афсонаси.