Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Миллатлар Лигаси. Ёшарган Испания юлдузли Францияга қарши (превью)

Баҳо:
+ | -

 

Бугун Миллатлар Лигаси доирасида Тошкент вақти билан соат 23:45да Миландаги ''Сан Сиро'' ўйингоҳида финал учрашувига старт берилади. Финалчилар – янгиланиш давридаги Испания ва таркиби юлдузлар билан тўлган Франция терма жамоалари. Stadion.uz ушбу ўйин олдидан жамоалар ҳолати ва имкониятига баҳо беради.

Испания

''Қизил фурия'', айни дамда, ёш футболчиларга катта эътибор қаратмоқда. Таркибга жалб этилган Педри (18 ёш), Гави (17 ёш), Эрик Гарсиа (20 ёш), Браян Гил (20 ёш) ва Ереми Пино (18 ёш) каби футболчилар сўзимиз исботи бўла олади. Шунга қарамай, таркибда тажрибали футболчилар ҳам етарлича топилади. Серхио Бускетс, Коке, Сезар Аспиликуета ва Давид де Хеадек футболчилар билан Луис Энрике жамоада мувозанатни ушлай олмоқда. Ёш футболчилар билан ҳам Луис Энрике испанча услубдан воз кечаётгани йўқ. Ҳозирча, тўп назоратига асосланган классик футбол ''Буқалар юрти'' учун зарар келтиргани йўқ. Улар Еврода ярим финалгача ва Миллатлар Лигасида эса финалгача етиб келди. Кўпчилик учун испанларнинг бундай натижаларга эришиши кутилмаган ҳолат деб қаралмоқда. Шу боисдан, бугунги баҳсда ҳам мутахассислар испанларни фаворит дейишга қўрқишяпти. Бироқ футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Буни синчков футбол мухлислари жуда яхши билишади.

Франция

Ҳар бир чизиқда камида биттадан юлдузга эга ушбу терма навбатдаги совринни қўлга киритишга яқин турибди. Рақиб эски танишлардан бири Испания. Қизиқ томони, Франсия расмий ўйинларда 2019-йил июн ойидан бери ютқазмаяпти (Еврода пеналтилар сериясида мағлуб бўлган, асосий вақтда дуранг қайд этилган). Шу куни Евро-2020 саралаш босқичи доирасидаги ўйинда Туркия терма жамоаси ўз майдонида французларни 2:0 ҳисобида мағлуб этганди.
Таъкидлаш жоиз, Дешам жамоаси таркибига Бенземанинг келиб қўшилгани французларни янада ҳайбатли қилиб кўрсатмоқда. Карим ҳозир юқори формада ва қаршисидаги рақибларини жуда яхши билишини ҳисобга олсак, испанларга бугун осон бўлмайди. Кўрамиз, ''Қизил фурия'' Бензема-Мбаппе бошчилигидаги ''Хўрозлар''га нима таклиф қила оларкин?!

Мураббийлар фикри

Луис Энрике (Испания терма жамоаси бош мураббийи):

''Индивидуал маҳорат борасида Франция - дунёнинг энг яхши жамоаси.
Уларнинг жамоасида энг яхши таянч яримҳимоячилар бор. Биз (Испания) бир бутун бўлиб ишлашимиз ва жамоавий томонлама улардан яхшироқ бўлишимиз керак.
Биз ҳар доим тўпга эга бўлишни хоҳлаймиз ва шу йўл билан ўз ўйинимизни яхшироқ намойиш қила оламиз. Ушбу ўйинда рақибларга тезкорлик эвазига муаммо туғдира оламиз.

Тўпни йўқотиб қўйганимиздан сўнг, биз дарҳол уларга босим ўтказишга ҳаракат қиламиз, шунда улар ўз ўйинларини намоён қила олмайдилар. Биз уларга ҳужум қилиш учун ҳеч қандай имконият бермоқчи эмасмиз.

Мен Гавининг финалга тайёр эканини аниқ билмайман. У майдонга туша оладими ёки йўқ, бу ҳақида унинг ўзидан сўраймиз.

Ферран Торрес - бу бошқа масала. Биз уни машғулотларда синовдан ўтказамиз ва агар у ўйнай олмаса, бошқасини танлашга мажбурмиз. Футболчилар билан таваккал қила олмаймиз ва агар у (Ферран) тайёр бўлмаса, мен бошқа ўйинчини танлайман. Биз ҳеч кимни ўйнашга мажбурламаймиз.


Ҳужум пайтида Мбаппе бизнинг ўйинимизга хавф солади деб ўйламайман. Чунки ҳужум қилаётганда рақибимизга эътибор қаратиб ўтирмаймиз.


Ҳимояда биз ҳар доим ҳар бир рақибга қарши ўз футболчиларимизга индивидуал кўрсатмалар берамиз. Нима қилиш кераклигини айтиш жуда осон, лекин уни бажариш ҳар доим қийин.

Биз финалга етиб келдик. Бундан хурсандмиз. Навбатдаги мақсадимиз - юқори маррани забт этиш''.

 

Диде Дешам (Франция терма жамоаси бош мураббийи):

"Гавининг асосий жамоада бўлиши – бу у учун фантастик натижа.
Жамоада ёш ва салоҳиятли футболчилар бор. Шулардан бири – Гави. У ярим финалдаги Италияга қарши ўйинда жуда яхши ўйин кўрсатди. Унинг ёши бор иқтидорини кўрсатишга таъсир қилмайди деб ўйлайман. Луис Энрике уни танлади ва у эндигина профессионал фаолиятини бошламоқда. Менимча, у ''Барселона''да атиги 7та ўйин ўтказди ва бу унинг учун узоқ ва чиройли кареранинг бошланиши бўлади.


Биз ўзимизни фаворит деб хисобламаймиз. Испанияда жуда ёш футболчилар бор, лекин тажрибали футболчилар ҳам етарлича. Балки бизда тажриба кўпроқдир, лекин бу бугунги ўйинда ҳеч нарсани кафолатламайди. Биз чемпионликни қўлга киритишни истасак, энг яхши ўйинимизни кўрсатишимиз керак.

Қўшимча бир кун дам олишнинг фарқи бор. Бу учрашувга таъсир қиладими ёки йўқ, буни ўйин давомида билиб оламиз. Дам олиш ва тикланишдан максимал даражада фойдаланамиз. Баҳоналар изламаймиз, буни доим ёдда сақлаймиз.

Ляпорт билан мен у қарор қабул қилганидан бери гаплашмадим. Мен ўзи учун қарор қабул қилган Аймерик учун хурсандман. У Испания термаси учун муҳим футболчи ва бундан бошқа ҳеч нарса дея олмайман.

Бу унинг танлови эди ва мен буни ҳурмат қиламан. У қарор қабул қилди ва мен унга омад тилайман''.

 

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 18:53, 10.10.2021.
Ўқилди: 3205 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.