Тошкент вилояти Янгиобод ўқув-базасида бокс бўйича Ўзбекистон ва Куба терма жамоаларининг қўшма йиғини давом этмоқда. Жаҳон чемпионатига тайёргарлик вазифасини бажариб бераётган ушбу йиғин доирасида дастлабки спарринг баҳслари ўтказилди.
Бу жамоаларнинг илк машғулот жанги бўлгани учун жуфтликлар максимал даражада бир-бирини ўрганишга ишлади. Айниқса, ҳар қандай мусобақа безаги бўла оладиган Шаҳрам Ғиёсов – Рониел Иглесиас жуфтлиги кўпчиликнинг диққат-марказида турди. Шунингдек, энг оғир вазн тоифасида Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов ҳам машғулотларга қўшилди.