Хабарингиз бор, Японияга 160 нафар ўзбекистонлик мухлис Япония – Ўзбекистон учрашувида Ўзбекистон терма жамоасини қўллаб-қувватлаб туриш учун йўл олган эди.
29 февраль куни эрталаб соат 10:00да меҳмонхонадан йўлга чиққан вақтда эрталабдан ёғишни бошлаган қор янада кучайган эди. Аммо бу бўлажак сюрпризларнинг дебочаси бўлди, холос.
Тахминан бир соатлик йўлдан сўнг полиция ходимлари, ҳаддан ташқари кўп ёққан қор Нагояга элтувчи яқин йўлни ёпиб қўйгани учун, ҳаммани тоғ довони орқали ҳаракатга йўналтиришди. Барча енгил, юк машиналари, автобуслар қатори биз ҳам йўналишимизни ўзгартиришга мажбур бўлдик. Довон оша юришимиз давом этар экан, қор кучайишда давом этди.
Япония тоғларининг гўзаллигидан баҳра олиб бораётган бир вақтимизда барча автолар тўхтади, сабаби биздан тахминан бир километр олдинда йўл транспорт ҳодисаси рўй берган экан. 40 дақиқалик кутишдан сўнг, полиция машиналари қаровидаги автобусимиз яна йўлга чиқди. 20 дақиқадан сўнг яна тўхтадик — яна йўл-транспорт ҳодисаси: бу сафар иккита енгил машина тўқнаши кетган экан...
Соатига 5-10 километр тезликда бир соатча юрганимиздан сўнг яна тўхтадик, бир соат вақт кутишга кетди, бу вақтга келиб соат 15:00 ҳам бўлиб қолганди. Бунда Абдураҳмон Фозиловнинг ортиқ сабри чидамади: у автобусдан тушиб, япониялик полициячиларга вазиятни тушунтирди ва олдинда турган юк машинасини четга олиш муаммо бўлса, қарама-қарши йўналишда келаётган автоларни 5 дақиқага тўхтатиб туришни, автобусларни ўтказиб юборишни илтимос қилди. Полициячилар бунинг иложи йўқлигини, сабаби, автобуслар қарама-қарши йўналишга чиқиш мумкин эмас экан. Бироқ Абдураҳмон Фозилов уларнинг бу фикрига рози бўлмади ва ўзининг айтганида туриб, охири уларни кўндирди: ўзи қарама-қарши йўналишга чиқиб, 50 метр масофадан машиналарни тўхтатиб туришни бошлади. Шу билан автобусларимиз олдида қорга ботиб қолган юк машинасидан ўтиб, сафарни давом эттиришди.
Энди эса яхши гаплардан. Мухлисларимиз «Тойота» стадионига режадан 4 соат кечикиб келишди ва ҳеч бири бу вақтгача тушлик қилмаган эди. Шунга қарамасдан, барча бирдек стадионга шошилар эди. Ўйин бошланишига 10 дақиқа қолганида барча мухлисларимиз — ўзбекистондан келган 160 нафар ишқибоз ҳамда Япониядаги талабалар ва элчихона вакиллари биргаликда — 300дан ошиқ мухлис ўзлари учун ажратилган махсус секторга жойлашишди. Уларнинг сафида Украина, Россиядан келиб Японияда фаолият олиб бораётган футбол мухлислари ҳам бор эди.
Қолганини ёзмаса ҳам бўлади. :)
Ўйиндан кейин
Абдусамад Абдураҳмонов, Тошкент:
«Мен терма жамоамиз қаерда ўйнамасин, охирги йилларда битта ҳам ўйинини қолдирмасдан бораман. 2011 йилги Осиё Кубоги очилишида Қатар устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганимизда қанда ҳисларни кечирган бўлса, бугунги ўйиндан кейин ҳам худди шундай бўлди. Олға, Бразилия сари олға!».
Улуғбек Мўминов, Андижон:
«Ака, мен нима дейишни ҳам билмайман! Лекин йигитларга гап йўқ! Худо хоҳласа Бразилияга борамиз!».
Рустам Умаров, Тошкент:
«Шу сафарни ташкил қилиб берган ЎФФ ходимларига катта раҳмат. Шунақанги сафарларни уюштираверишсин, биз эса бориб 12-ўйинчи бўлаверайлик. Олға, Ўзбекистон!»
Акрамжон Мадаминов, Қўқон:
«Мен ҳозир 10 ёшга ёшардим! Бутун Ўзбекистон аҳлини тарихий ғалаба билан табриклайман! Ғалабали юришларимиз давом этаверсин! Абрамовга махсус раҳмат айтаман».