"Спартак" Прага жамоаси эгаси, чехиялик миллиардер Даниэль Кретинский "Вест Хэм"нинг маълум улушини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда, деб хабар беради "Sky Sports".
Манба берган хабарга кўра, тадбиркор клубнинг 27 фоиз акциясини сотиб олишни муҳокама қилмоқда. Музокаралар ҳал қилувчи босқичда. Келажакда у акцияларни тўлиқ қўлга киритиб, "Вест Хэм"нинг эгасига айланишни истайди.
Келишув ноябрь ойининг биринчи ҳафтаси охирида расман эълон қилиниши режалаштирилган. Клубнинг хариди 600-700 миллион фунтга баҳоланмоқда. Агар чех "Вест Хэм"га тўлиқ эгалик қилмоқчи бўлса, уни 2010 йилдан бери "болғачилар"га эгалик қилиб келаётган Дэвид Голд ва Дэвид Салливандан сотиб олиши керак бўлади.
Айни дамда “Вест Хэм” сафида чехиялик уч нафар футболчи – Алекс Крал, Томас Соучек ва Владимир Цоуфал тўп сурмоқда.