Қатарнинг «Ас-Садд» ва «Барселона» клублари ўртасида бошланган Хави борасида музокара ҳали якунига етмади. Шу боис, мураббийнинг "Барса"ни бошқариши ҳақидаги расмий хабар 4 ёки 5 ноябрга қолдирилмоқда.
«Ас-Садд» 3 ноябрь, чоршанба куни «Дуҳайл»га қарши муҳим баҳсни ўтказади. Жамоа бу ўйинда ғалаба қозонса, асосий таъқибчисидан 6 очкога илгарилаб кетади. Хави бу ўйинда жамоани бошқариши сабаб у Ла лиганинг 13-туридан ўрин олган "Сельта"га қарши баҳсда "кўк-анорранглилар"ни майдонга бошлаб туша олмади.
Музокаралар ижобий якунланган тақдирда ҳам Хави пайшанбадан эртароқ Испанияга учиб кела олмайди. Шунинг учун мураббий 20 ноябрь куни бўлиб ўтадиган «Эспаньол»га қарши ўйинда ўз дебютини ўтказади.
"Сельта"га қарши баҳс арафасида жамоани чалғитмаслик учун Хавининг тақдимот маросими келаси ҳафтада ўтказилиши мумкин.