«Палермо»га қарши учрашувда учта гол урган «Милан» ҳужумчиси Златан Иброҳимович «Ювентус»га қарши ўтган тур ўйинида майдонга туша олмаганидан афсусда эканлигини айтиб ўтди. Бу ҳақда «Милан» расмий сайти хабар бермоқда.
Италия чемпионати 26-туридан ўрин олган «Палермо» – «Милан» учрашуви 4:0 ҳисобида миланликлар фойдасига ҳал бўлди. «Ювентус»га қарши 25-тур учрашувида «Милан» 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган, учта ўйинга четлатилган Иброҳимович учун ўша ўйин охирги дисквалификация баҳси эди.
«Дисквалификация муддати якунига етганидан жуда ҳам хурсандман. Бундан кейинги дастлабки ўйинингдаёқ бирданига учта гол уриш янада хурсанд қилади», деди швециялик футболчи.
««Ювентус»га қарши ўйинда жамоадошларимга ёрдам бера олмаганимдан афсусдаман. Ўша ўйинда биз ғалабага муносиб эдик», деди Иброҳимович.
«Олдинда бизни «Арсенал»га қарши Лондондаги ўйин кутиб турибди. Даражани туширмасдан, сифатли футбол кўрсатишда давом этишга ҳаракат қиламиз», дея қўшимча қилди «Милан» ҳужумчиси.