Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичидан ўрин олган «Ал-Иттиҳод» ва «Пахтакор» жамолари ўртасидаги учрашув олдидан матубот анжумани ташкил этилди. Маҳаллий «Мерриотт» меҳмонхонасида бўлиб ўтган ўйиндан аввалги анжуманида Деян Журжевич фикрларини билдириб ўтди.
«Эртанги учрашув мен учун янги жамоам таркибидаги биринчи учрашув бўлади. Шу сабабдан ҳам янги жамоада биринчи учрашув жуда муҳим саналади. Ҳозиргача «Пахтакор» билан бирорта расмий баҳсда иштирок этмадим. Дебютим эса Чемпионлар лигаси баҳсига тўғри келди».
«Иттиҳод»нинг жуда кучли ва яхши шаклланган клуб эканлигини таъкидлашим жоиз. Жиддаликлар катта тарихга эга буюк клублардан бири саналишади. Шунга қарамай, бизнинг режа беллашувда ғалаба қозонишдир. Буни уддалаш учун ҳаракат қиламиз».
«Ҳозирча Ўзбекистон миллий чемпионати старт олмаган. Умид қиламанки, бу жамоага муаммо туғдирмайдими. Мен жамоани икки ой аввал қабул қилиб олганман ва бу вақт оралиғида йиғинларда бирга шуғулландик. Улардан тўлиқ қониқиш ҳосил қилдим. Ўша машғулотлар мобайнида жамоани ўзим истагандек кўринишга келтириш учун ҳаракат қилдим. Бу жараён бундан кейин ҳам давом этади», дейди Журжевич.
Шунингдек, мураббийга «Ал Иттиҳод» ҳақида қандай маълумотларга эга экани борасида савол берилди. Ушбу жамоага қарши илк марта шогирдларини майдонга олиб чиқаётган серб мутахассиси асосан ўз жамоасига эътибор қараташини таъкидлаб ўтди.
«Ал-Иттиҳод»да бўлган ўзгаришларни яхши биламан. Жамоага янги мураббий ташриф буюрди. Бироқ бу мен учун муҳим жиҳат эмас. Рақиб жамоани кўпроқ кузатгандан кўра ўз жамоангдаги ўйин услубини шакллантиришга урғу бериш лозим. Ҳар доим ўз футболчиларинг билан қандай ҳаракат қилиш зарурлиги тўғрисида иш олиб бориш даркор».
ОФК қарорига мувофиқ учрашувда бирорта ҳам мухлис бевосита стадиондан туриб ўйинни кузатмайдиган бўлди. Бу борада ҳам фикр билдирар экан, Журжевич қарорни нотуғри бўлганини таъкидлаб ўтди. «Ўйлашимча, мухлисларсиз футбол — бу яхши эмас. Чунки футбол доимо мухлислар учун ўйналади. Уларсиз стадионад тўп тепиш футболчиларга ҳам қулайлик туғдирмаса керак. Бироқ, бунга қарши эътироз билдира олмаймиз. Бу ОФКнинг қарори ва уни ҳурмат қилишимиз лозим. Эҳтимол, стадионга мухлисларнинг келмагани биз учун яхшилик билан тугар. Барибир шундай ҳолатда ҳам ишқибозлар келишини маъқул кўрган бўлардим», дейди “шерлар” устози.
Шунингдек, «Ал Иттиҳод» жорий мавсумда маҳаллий биринчиликда яхши қатнаша олмаётгани борасида ҳам Деян Жржевияч ўз фикрини айтиб ўтди.
«Албатта, бу жамоа натижаларини кузатиб борамиз. Лекин мана энди янги мураббий ташриф буюрди. Кўпинча бу жамоадаги муҳитни ижобий томонга ўзгартиради. Буни яқин вақт ичида билиб олишингиз мумкин. Лекин сал аввалроқ таъкидлаганимдек, биз рақибдан кўра ўзимиз истаган ўйинни намойиш қилишга уринишимиз зарур», дея мураббийнинг сўзларидан иқтибос келтириб ўтди “Пахтакор” расмий сайти.