Осиё Чемпионлар Лигасида об ҳаво чатоқ. Тошкентда шарқдан эсаётган шамол имкониятларимизни учириб кетган бўлса, Қаршида қор. Жидда эса...
Жиддада ёмғир. Голлар ёмғири. “Пахтакор” янги мураббий билан эски репертуарида. Жиддада йирик ҳисобда мағлубиятга учраш, қизил карточка олиш, нурсиз ўйин ва майдонда футбол ўйнаш ўрнига қандайдир вақт ўтказиш билан шуғулланиш “Пахтакор”нинг ўзига хос анънасига айланиб қолди шекилли. Нуқул жамоанинг ОЧЛ да мунтазам қатнашиши билан мақтанамиз, бу туришда “Пахтакор” Лиганинг энг кўп мағлубиятга учраган, энг кўп тўп ўтказиб юборган ва ҳоказо рекордларига ҳам эга чиқади шекилли.
Ҳисоб очилишига тўрт дақиқа кифоя қилди. Фавзи Абдулғани ён чизиқдан ташлаб берилган тўпни эгаллаб, Жўраевни қийинчиликсиз доғда қолдирди. Ўйининг учдан бири ўтиб бораётган пайтда эса Муҳаммад Абусабан ҳисобни 2:0 га етказди.
Клецков майдондан четлатилгач, “Пахтакор” умуман қаршилик қилишни тўхтатди. Иккинчи таймнинг бошида яна ўша Абусабан ҳисобни йирик кўринишга олиб келган бўлса, орадан олти дақиқа ўтиб, хато қилиш навбати Шибимурага етди. Умар Абдуллоҳ дарвозабон билан яккама якка чиқиб ҳисобни одатий, таниш кўринишга олиб келиб қўйди.
Гуруҳдаги иккинчи ўйинда БАА нинг “Банияс” клуби ўз майдонида Қатарнинг “Ал Араби” жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
“Пахтакор” навбатдаги учрашувни 20 март куни Тошкентда, “Бания”га қарши ўтказади.
АЛ-ИТТИҲОД (Саудия Арабистони) – ПАХТАКОР (Ўзбекистон) 4:0 (2:0)
Голлар: Абдулғани Фаузий (2), Муҳаммад Абусабон (29, 52), Абдуллоҳ Умар Исмоил (59)
АЛ-ИТТИҲОД: 1. Мабриук Зайд. 21. Ҳамад ал-Мунташарий . 50. Иброҳим Ҳаззозий. 5. Усома ал-Ҳарбий. 16. Мишал ас-Сайид. 18. Муҳаммад Нур. 14. Сауд Каририй. 44. Ҳусни Абдурабу (39. Айман Собир – 65). 23. Муҳаммад Абусабон. 9. Ноиф Ҳаззозий (35. Фабрис Н’Гуесси – 85). 40. Абдулғани Фаузий (49. Абдуллоҳ Умар Исмоил – 59).
ПАХТАКОР: 30. Темур Жўраев. 32. Алексей Николаев. 33. Наоя Шибамура. Александр Клецков. 6. Мурод Холмуҳаммедов. 9. Санибал Ораховац. 11. Ираклий Климиашвили (14. Шерзод Каримов – 46). 26. Дилшод Шарофетдинов (29. Владимир Козак – 61). 28. Станислав Андреев (34. Ойбек Қиличев – 46). 7. Кахи Махарадзе. 10. Фарҳод Тожиев.
Огоҳлантиришлар: Сауд Каририй (45) – Александр Клецков (32), Кахи Махарадзе (54), Дилшод Шарофетдинов (62)
Четлатиш: Александр Клецков (36 – иккинчи огоҳлантириш)
Бош ҳакам: Тожу Минору (Япония)
6 март. Жидда. Шаҳзода Абдуллоҳ ал-Файсал стадиони.