Арсен Венгернинг "Биз бешта гол уришга ҳаракат қиламиз" деган гапидан кўра, ЕЧЛ тарихида ҳали ҳеч ким 0:4 дан омон чиқмагани ишончлироқ омил эди. Лекин "Милан" тарихида бундай воқеалар бўлган. "Депортиво" билан ўйинда 4:1, "Ливерпуль" билан ўйинда 3:0 ҳисобидаги устунликлар йўққа чиққанди. Робин ван Перси пенальтини амалга оширгач, бугун ҳам нимадир бўлишига ишона бошлагандир кўпчилик. Йўқ.
Дастлаб, бурчак зарбасида жарима майдонига етиб келган Косьелни ҳисобни очди. Тиагу Силванинг хатосидан фойдаланган Томас Росицки эса, яқин бурчакни нишонга олиб, ҳисобни оширди. Кейин эса Чемберленга қарши "Милан" ҳимоячилари қўпол ўйнашди. Мезбонлар сардори орадаги фарқни минималгача қисқартирди - умумий ҳисоб - 3:4.
Айтиш керакки, "Арсенал" учта голни урган бўлса-да, қандайдир супер ўйин кўрсатмаётганди: ҳаммаси аста секинлик билан мақсад сари борар, голлар навбати билан киритилаётганди. Аммо учинчи гол ўйин темпига жиддий таъсир ўтказди, дейиш мумкин. Албатта бунинг сабаби бор.
Ўйин бошида мезбонларнинг йўқотадиган нарсалари йўқ эди. Бор куч билан олдинга ташланишди."Милан" бироз хотиржам кўринаётганди. Учта гол киритилгач эса, "Арсенал"да энди, йўқотадиган нарсаси пайдо бўлганди. Меҳмонларнинг биргина голи мувозанатни бузиб ташлар, у ҳолатда "Арсенал" битта эмас, яна учта гол киритишга мажбур бўлиб қоларди. бу ҳолат ўзига яраша босимни юзага келтирди. Миландаги тўрт тўп фарқининг йўққа чиқиши "Милан"нинг мақомига жиддий таъсир кўрсатишидан қўрққан меҳмонларнинг аҳволи ҳам яхши эмасди. Хуллас, ўта асабий ўйин давом этди. Футболчиларнинг хаяжони қарама қарши қўполликларда эмас, кўпроқ кетма кет хатоларда кўрина бошлади.
Албатта, иккинчи таймда ҳам хавфли вазиятлар бўлди. Робин ван Перси ва Робиньоларнинг 1-2 метр масофадан тўпни дарвозага кирита олишмаганини таъкидлаш жоиз. Ўйин пайтида кўпчиликни ўзининг борлигига ва оддий ҳолат эканига ишонтира олган муъжиза содир бўлмади. "Милан" кейинги босқичда. "Арсенал" эса ғалабали сериясини давом эттирди ва узоқ вақтдан бери уддалай олмаётган вазифани, ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олишни уддалади. Ўйлаймизки, ушбу ғалаба лондонликларда ўзига хос ишонч уйғотади ва Англия чемпионатида ёрдам беради.
АРСЕНАЛ – МИЛАН 3:0 (3:0)
Голлар: Косьелни (7), Росицки (26), ван Перси (43-пенальтидан).
АРСЕНАЛ: Шченсни, Санья, Косьельни, Вермален, Гиббс, А.Сонг, Окслейд-Чемберлен, (Шамах, 75), Росицки, Уолкотт (Пак Чу Юн, 84), ван Перси, Жервиньо.
МИЛАН: Аббьяти, Абате, Силва, Мексес, Эмануэлсон, Ночерино, ван Боммел, Месба(Бонера, 90), ал-Шарави (Аквилани, 70), Робиньо, Иброҳимович.
Огоҳлантиришлар: ван Боммел (5), Санья (13), Гиббс (15), А.Сонг (57), Иброҳимович (84), Ночерино (86).
Иккинчи учрашув Лиссабонда, "Бенфика" - "Зенит" ўртасида кечди. Минимал ғалаба ҳам қониқтирадиган мезбонлар илк дақиқаларданоқ ҳужумга ташланишди. "Зенит" гуруҳнинг сўнгги турида "Порту"га қарши сафардаги ўйиндаги вазифа - яъни мағлубиятга учрамасликни уддалаши керак эди. Ўйин кўп жиҳати билан ўша баҳсни эслатиб юборди. Лиссабонликлар ташаббусни бутунлай ўз қўлларига олишган, меҳмонлар эса фақат тўпни дуч келган тарафга тепиб юбориш билан банд эдилар.
Спаллетти шогирдларига бу сафар омад кулиб боқмади. "Бенфика" ҳаракатлари мевасини биринчи таймнинг энг сўнгги дақиқасида кўрди. Витцелнинг тўп оширишидан сўнг, Перейра ҳисобни очди.
Иккинчи таймда меҳмонлар ҳам активлашишди ва майдонда тенг кураш борди. Биргина гол мувозанатни бутунлай тескари қилиб юбориши мумкинлиги мезбонларни ҳам эхтиёткор қилиб қўйганди. Питерликларнинг сўнгги ҳужумларидан бирин қайтарган мезбонларнинг қарши ҳужуми эса барча масалага нуқта қўйди. Ўйин тугашига ўн дақиқа қолганда Кардосони алмаштирган Оливейра дарвозабон билан яккама якка чиқди ва "Зенит"ни Европа Чемпионлар Лигасидан чиқариб юборди.
Шундай қилиб, Еврокубокларда русларнинг атиги битта клуби - ЦСКА қолди. Армиячилар келаси ҳафтада "Реал" майдонига сафар қилишини эътиборга олсак...
БЕНФИКА – ЗЕНИТ 2:0 (1:0)
Голлар: М.Перейра (45), Оливейра (90).
БЕНФИКА: Артур Мораес, М.Перейра, Луизао, Жардел, Эмерсон, Бруно Сезар, Витцель, Хави Гарсия, Гайтан (Матич, 72), Родриго (Нолито, 62), Кардосо (Оливейра, 80).
ЗЕНИТ: Малафеев, Анюков (Алвеш, 53), Губочан, Ломбертс, Кришито, Семак, Денисов, Широков, Зырянов (Файзулин, 70), В.Быстров (Лазович, 46), Кержаков.
Огоҳлантиришлар: Анюков (5), Хави Гарсия (15), Денисов (68), Оливейра (90).