«Барселона» клуби ва Франция терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Эрик Абидалнинг хотини Ҳаёт Абидал «ПСЖ» аёллар клуби аъзоси Хейра Ҳамровийнинг дўппосланишига алоқадор бўлиши мумкин.
"Marca" нашри тарқатган хабарга кўра, ушбу жиноятни уюштирганликда гумонланаётган "ПСЖ"нинг яна бир футболчиси Амината Диалло тергов жараёнида Ҳамровийга Абидалнинг хотинидан таҳдидлар бўлганини айтган.
Полиция Хейранинг телефон рақамига бўлган қўнғироқларни ўрганиб чиққанидан сўнг футболчи Ҳаёт билан гаплашганини аниқлаган. Шунингдек, Ҳамровий Эрик Абидалга қўнғироқ қилиб, унинг хотини бундай ишга қодирлигини сўраган. Аммо Эрик эса унга "йўқ" деб жавоб берган.
Полиция содир этилган жиноят Ҳаёт томонидан қасос бўлиши мумкин дея тахмин қилмоқда. Боиси, Ҳамровий "Барселона"да ўйнаган пайтда Эрик Абидал билан ишқий муносабатда бўлган бўлиши мумкин. Боз устига, Хейрага ҳужум қилган эркаклардан бири унга "оилали эркак билан муносабатда бўлганига" шаъма қилган.
Эслатиб ўтамиз, 4 ноябрь куни Диалло, Ҳамровий ва бошқа футболчилар ресторандан уйга қайтишаётганида 2 эркак уларнинг машинасига югуриб келиб, машина эшигини очишган ва Ҳамровийни салондан чиқариб олишган. Рулда эса Диалло бўлган.
Безорилар Хейранинг оёқларига арматура билан уришган ва шундан сўнг воқеа жойидан қочиб кетишган. Жароҳатланган футболчи шифохонага ётқизилган ва унга тиббий ёрдам кўрсатилган (йиртилган жойлари тикилган). Кейинчалик Диалло ушбу ишни уюштирганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.