Мадриднинг “Реал“ клуби Анчелотти жамоага келгач, яна барқарор ҳаракатланишни бошлади. Зидан кетганидан сўнг таркибда кўп ўзгариш ҳам бўлгани йўқ. Фақат йигитларга қўшимча юкланмалар топширилган. Баъзиларига эса аввалгидек ишонч қолмаган. Иско, Марсело, Дани Себальос ва Хесус Вальехо каби футболчилар шулар жумласидан. Марсело жисмоний ҳолати боис, Себальос кучли рақобат сабаб, Вальехо эса тажрибасизлиги туфайли майдонда кўп кўриниш бермайди. Буни тушундик. Аммо нимага бир вақтлар Испаниянинг юлдузи бўлиши кутилган Искога имкон берилмайди? Ахир унда тажриба ҳам, жисмоний ҳолат ҳам ўз ўрнида-ку!? Рақобатда ҳам у жамоадаги ҳар ким билан беллаша олади. Келинг, бугун Иско Аларконнинг “Реал“даги тақдири ҳақида сўз юритамиз.
Ўзгача услублар тўқнашуви
Маълумки, “қироллик клуби“ йиллар ўтсада, ҳамон тезкор қарши ҳужумга таяниб ўйин қуради. Бунга Винисиус ва Родриго каби тезкор ва Бензема, Модрич, Кроослардек аниқ пас билан ўйнай оладиган иқтидорларнинг борлиги асосий сабаб. Искода эса майдондаги эътибор асосан, тўпни ўзи билан олиб юришига қаратилади. Қарши ҳужумга ўтиб кетиш мумкин бўлган жойда у тўп билан муомала қилишга киришиб кетиши мумкин. Бу эса ҳужумнинг тезлигини “кесади“. Натижада, бутун жамоа ҳаммасини бошидан бошлашига тўғри келади. Умуман олганда эса испаниялик чарм тўп устасида дриблинг, майдонни кўра олиш, плеймейкерлик қобилиятлари ажойиб шаклланган. Унинг тўп билан узоқ ҳаракатланишининг асосий сабаби ҳам майдонда бўш ҳудудларни яратишдир. Бу ҳам замонавий футболда муҳим аҳамият касб этади. Бироқ на Зидан, на Анчелотти Исконинг усулини клуб ўйинига боғлаб кета олмади. “Қаймоқранглилар“ энг юқори чўққига чиққан пайтларда “Малага“ собиқ футболчиси ҳам асосий роллардан бирида эди. Бироқ у пайтда жамоа шу қадар кучли эдики, қарши ҳужумлардан максимал фойдаланиш жуда муҳим бўлмай қолганди. Устига-устак, у вақтлар таркибда Роналду деган “киллер“ бор эди.
Муаммо ва унинг ечими
Асл муаммо испаннинг “Реал“га мос келмайдиган услубида ҳам эмас. Кроос ва Модричларнинг ҳамон юқори формада эканлигида. Агар Модрич ва Кроос формасини йўқотиб борганида эди, Искога кўпроқ имкон берилиши мумкин эди. Ҳозирда бу икки даҳо яхши ўйин кўрсатаётган экан, улардан асосий таркибдаги ўрнини тортиб олиш шунчаки осон кечмайди. Аларкон учун ечим сифатида ёки жамоасини ўзгартириши кераклиги ёки яна 1-2 йил сабр қилиши мумкинлигини айтишимиз мумкин. Шу вақт ичида Лука жамоани тарк этиши мумкин (бу ҳам аниқ эмас ҳали). Табиийки, Тони ҳам аввалгидек ҳолатда бўла олмайди. Лекин барибир 1-2 йилни захирада ўтказиб юбориш ҳеч бир футболчи учун тўғри танлов бўлмайди, наздимизда. Энг мақбул вариант – 29 ёшли футболчи Мадридни тарк этиши керак. У ҳали яна камида 3 йил сифатли ўйин намойиш эта олади. Бунинг учун унга фақат озроқ имкон берилсагина етарли.
Ишончли ва қулай вариант
“Манчестер Сити“ ва Иско. Нақадар гўзал жуфтлик. Услуб томонидан Франсискога бунданда яхшиси топилиши қийин масала. Пеп учун тўпни назорат қилиш қанчалар муҳим эканлигини зийрак футбол мухлиси жуда яхши билади. Иско Аларкон ҳам тўп билан ҳаракатланишни жуда ёқтиради. Қўшимчасига, у прессингларда ҳам фаол иштирок эта олади. Шунингдек, футболчининг универсаллиги яна бир плюс. Хоҳ яримҳимоячи сифатида бўлсин, хоҳ вингер ўрнида у бу чизиқларда бемалол ҳаракатлана олади. Айниқса, KDB ва Иско жуфтлиги ҳақида ўйлашнинг ўзиёқ рақибларни қўрқувга солади. Чунки улар ҳар томонлама бир-бирини тўлдириб туриши мумкин. Ягона муаммоли жойи, “шаҳарликлар“ сафида Искодек ўйнайдиган футболчининг борлиги. Унинг исми – Бернарду Сильва. Техника, муваффақиятли кросслар ва юқори интеллектга эга ушбу футболчи сабаб Гвардиола Иско вариантига мурожаат қилмаслиги мумкин.
Миллионлар ўйинида умидли футболчининг унутилиб юборилиши жуда кўп бора кузатилган. Вақтида жозибали ҳаракатлари билан мухлисларни ўзига ром этган “юлдуз“нинг бирдан “сўниб қолиши“ ҳар ким учун ёқимли ҳолат бўлавермайди. Ахир томошабинлар орасида футболни гўзаллиги учун томоша қиладиганлар ҳар қадамда топилади. Иско эса ўша гўзалликнинг бир қисми сифатида бугун бизнинг алоҳида эътиборимизга сазовор бўлди.