Аргентиналик футболчи еттинчи марта футболдаги энг нуфузли совринни қўлга киритди. 2021 йилда узоқ вақтдан бери биринчи марта интрига охиригача сақланиб қолди - Роберт Левандовски ва Лионель Месси навбатма-навбат фаворит деб топилди. Бироқ, 180 нафар журналист бу совринни Леога беришга қарор қилди. “Stadion.uz” нашри Мессининг ғалабаси нима учун адолатли ёки адалатли эмаслиги, шунингдек, “Олтин тўп”га аргентиналикдан кўра кўпроқ лойиқ бўлган кучли уч нафар ўйинчиҳақида маълумот беришга қарор қилди.
Аввало, журналистлар нима учун Левандовски билан пойгада Мессини афзал кўрганини аниқлаймиз. “France Football” энг яхши футболчини учта мезон асосида танлайди. Биринчиси, 2021 йил учун индивидуал ва жамоавий натижалар. Месси 41 та гол урди, 17 та голли узатмани амалга оширди, Америка кубогининг энг яхши футболчиси ва тўпурари бўлди. Аргентиналик футболчи Америка кубоги ва Қирол кубогини ютган.
Бу вақт ичида Левандовски нима қилди? 64 та гол урди, 10 та голли узатмани амалга оширди, “Олтин бутса”ни олди, Герд Мюллернинг Бундеслигадаги голлар сони бўйича абадий рекордини янгилади. Польяк Бундеслига, Германия Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди.
Иккинчи мезон - ўйинчининг қобилияти. Иқтидор ва ҳалол ўйин ҳисобга олинади. Ҳеч ким Месси сайёрадаги энг қобилиятли футболчи эканлиги билан баҳслашмайди. Аммо ҳалол ўйин ҳақида нима дейиш мумкин? Январь ойида Испания Суперкубоги доирасидаги ўйинда Лео “Атлетик” футболчисини қўли билан урган ва бунинг учун у ҳақли равишда қизил карточка олган. Аммо Левандовскининг бундай қўполликлари сезилмади - Роберт шунчаки ўз ишини қиляпти.
Учинчи мезон - футболчининг фаолияти. Ҳар иккиси ҳам алоҳида мартабага эга. Кўп омиллар Мессининг ғалабасига таъсир қилиши мумкин эди. Афтидан, Америка кубоги Мессига навбатдаги “Олтин тўп”ни олиб келди. Бундан ташқари, ёзда бутун футбол жамоатчилигининг эътибори Леога қаратилди - фақат соғлиғи билан муаммоси бор инсонларгина унинг ПСЖга ўтиши ҳақида гапирмади. Аммо аргентиналик Парижда юқори савияда ўйин кўрсата олмаяпти. Лига 1 мусобақасида Месси ҳисобида атиги 1 та гол бор. Левандовски ва Месси ҳужумчилар ва уларнинг асосий вазифаси гол уришдир. Роберт аввалгидек ўз вазифасини аъло даражада бажармоқда, Леода эса муаммолар бор. Қизиғи шундаки, Месси мукофотни олгач, Левандовскига мурожаат қилиб, “Олтин тўп”га лойиқ эканини айтди. Ваҳоланки, номзодлар орасида Левандовскидан ташқари нуфузли мукофотга Мессидан кўра кўпроқ лойиқ бўлган яна учта футболчи бор эди.
Кевин Де Брюйне (“Манчестер Сити”)
Пеп Гвардиола “Ман Сити”да кучли ҳужумкор жамоа тузишга муваффақ бўлди, бунда футболчилар бир-бирини аъло даражада тушинишлари сабаб бўлмоқда. Жоау Канселу, Родри ва Бернарду Силва вақти-вақти билан Кевин гол уриш вазифаларини бажаришади, аммо бельгиялик туфайли “шаҳарликлар” ақл бовар қилмайдиган даражада ўйин кўрсатмоқда. Пенальтилар ва голли узатмалардан ташқари, xG статистик маълумотларига кўра (кутилаётган голлар) Де Брюйне “Сити”нинг энг яхши ўйинчиси бўлган. Пеп Кевинга ўзгача меҳр қўйган ва “Сити”нинг муваффақияти айнан Де Брюйне туфайли эканини айтади. Бельгиялик футболчининг ажойиб рейдлари Месси ва Левандовскидек кўзга кўринадиган бўлмаса ҳам, доим унинг ўйини эътибор марказида бўлади. “Олтин тўп” учун овоз беришда Кевин бор-йўғи 8-ўринни эгаллади, аммо келаси йил уни фаворитлардан бири деб ҳисоблаш керак.
Жоржиньо (“Челси”)
Ярим ҳимоячи ажойиб мавсум ўтказди. Жоржиньо Чемпионлар лигаси ва Евро-2020 ғолибига айланди. “Челси”да ҳам, Италиятерма жамоаси сафида ҳам Жоржиньо асосий ўйинчилардан бири эди, шунинг учун бу ғалабалар усиз бўлмасди. Бир пайтлар Лэмпард италиялик футболчини ҳимоядаги ўйинига ишонч билдирмай, ундан қутулмоқчи бўлганди. Дарҳақиқат, олдин Жоржиньо порламаган бўлса-да, ҳозирда ўз статистикасини сезиларли даражада яхшилаб олди. Аввалига, футболчидан кескин қарорлар ва ажойиб пас бериши талаб қилинарди. Аммо, Тухель бош мураббий сифатида иш бошлаганидан сўнг, яримҳимоячидан паслар эмас, аксинча тўпни назорат қилиш, жамоада сақлаб қолиш ва қисқа пас орқали босимдан чиқиб кетиш вазифаси юклатилган. Жоржиньо “Олтин тўп”га лойиқ ва 2021 йилнинг энг нуфузли иккита совринини қўлга киритганини инобатга олсак, у яхши имкониятларга эга эди. Овоз беришда италиялик учинчи ўринни эгаллади.
Карим Бензема (Реал Мадрид)
Француз аллақачон 33 ёшда ва бу футболчи йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Бензема - сайёрадаги энг кучли ва кўп қиррали тўпурари. Роналду кетганидан кейин “Реал”нинг асосий қуроли Каримга айланди. xG (кутилаётган голлар) бўйича Бенземага жамоада тенг келадигани йўқ. Энг яқин таъқибчи Винисиусдан икки баравар кўпроқ натижа қайд этган. 2021/22 йилги мавсумда француз ажойиб мавсм ўтказди. У Чемпионлар лигаси ва Ла Лигада 15 та гол урди. “Реал Мадрид” ҳужумчиси нафақат жарима майдончасида, балки жарима майдони ташқарисида ҳам фойдали ўйин кўрсатди. Узоқ вақт давомида Карим жанжал туфайли терма жамоада ўйнамаётгган эди, аммо Дидье Дешам уни “уч ранглилар” сафига қайтарди. Бензема миллий жамоаси таркибида дарҳол муҳим голларни уришни бошлади ва Миллатлар лигаси бош совринини қўлган киритди. “Олтин тўп” учун овоз беришда Карим тўртинчи ўринни эгаллади.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.