15 март куни футбол бўйича олий лиганинг йигирма биринчи мавсумига старт берилади.
Тошкентнинг "Пахтакор" клуби биринчи турда Бухорода маҳаллий "Бухоро" меҳмони бўлади. Бухороликлар янги мавсумга тайёргарликни Тошкент шаҳри ва Туркияда ўтказишди. Ёш мураббий Жамшид Саидов ўтган мавсум охирида жамоага тўрт учрашувда бошчилик қилиб, бирор марта мағлубиятга учрамаганди. Унга "Бухоро"ни мавсумга тайёрлашда белоруссиялик мутахассис Владимир Уткин ёрдам берди. Таркибга "Нефтчи"дан Юрий Цой, Асқар Муҳиддинов, Алишер Холиқов ва Воҳид Шодиев, олий лигада кўп йиллардан буён тўп тепиб келаётган Дониёр Усмонов, Акмал Рустамов, Баҳриддин Омонов, легионерлар, украиналик Александр Тарасенко ва грузиялик Михаил Какаладзе келиб қўшилди. Ўз навбатида ўтган мавсумда ўйнаган хорижликлардан фақатгина Георгий Квесиешвили қолган холос. Жамоанинг қандай тактика ва таркибда ўйнаши мумкинлигини айтиш қийин.
Ҳозирга қадар "Пахтакор" олий лига доирасида 38 марта "Бухоро" билан тўқнаш келган. Ҳисобимизда 27 ғалаба, 6 дуранг ҳамда 5 мағлубият мавжуд. Тўп киритиш борасида яққол устунлик "шерлар" тарафида - 86:28. Бухородаги охирги икки учрашувда дуранг натижалар қайд этилган. "Бухоро" охирги ғалабасини 2001 йилнинг 17 ноябрь санасида ўз майдонида 3:2 ҳисобида қўлга киритган. Сафардаги учрашувларда "Пахтакор" 10 бор зафар қучган. 5 дуранг ва 4 мағлубият кузатилган. Ўйинлар тарихидаги энг йирик ғалаба "Пахтакор"га тегишли, 8:0. Ушбу ютуқ 2005 йил сафарда юз берган.
Беллашувни Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Ўтган мавсум олий лига доирасидаги бешта баҳсда "Пахтакор" Осиёнинг энг яхши ҳаками бошқарган учрашувларда зафар қучмаганди. Ўйин расмийлари рўйхати билан танишинг:
Ҳакамлар: Равшан Эрматов, Абдуҳамидилло Расулов, Жаҳонгир Саидов (Тошкент), Рустам тошмуҳаммедов (Нукус).
Назоратчи: Сардор Нажафалиев (Тошкент).
Эслатиб ўтамиз, "Бухоро" билан беллашув "Пахтакор" учун олий лигада 603-учрашувга айланади. Айни пайтгача 407 ғалаба, 97 дуранг ҳамда 98 мағлубият кузатилган. 1413 бор рақиблар дарвозаси ишғол қилиниб, 521 марта дарвозамиздан тўп олиб чиқилган. Тўпланган очколар сони 1318тани ташкил этяпти. Ушбу кўрсаткичлар билан "Пахтакор" умумий жадвалда пешқадам бўлиб турибди.
Ёшлар жамоалари ўртасидаги ўйин 14 март, чоршанба куни Вобкентдаги стадионда соат 16:00да бошланади. Асосий таркиблар баҳси эса Бухоро шаҳридаги "Бухоро СК" стадионида 15 март, пайшанба куни соат 16:00да бошланади. Ҳар икки "Пахтакор" янги кўк-оқ рангли либосда майдонга тушади. Ёшлар таркиби бугун тушда Бухоро сари йўлга чиқса, асосий таркиб чоршанба куни эрталаб самолётда учиб кетади.