«Пари Сен-Жермен» футболчилари якшанба оқшомида ўтказилган баҳсда майдонга ўзига хос кўринишда тушиб келишди. Унда ўн бир футболчининг барчаси Лионель Мессининг еттинчи «Олтин тўп»ини рамзи сифатида рақамлари тилла рангда ёзилган либосда кўриниш берди. «Кичкина сеҳргар»нинг Маурисио Почеттино жамоасига ташрифи, клуб савиясини янада ошишига ёрдам берган. Месси жаҳоннинг энг машҳур футболчилари сафига қўшилди ва таркибни янада «юлдузлаштирди». Албатта, бу воқеа асримизнинг энг катта ҳодисаси сифатида эътироф этилди. Аммо жараён ичида анча мураккабликлар мавжуд. Хусусан, Мессининг Париждаги ҳаётга кўникиши ўта қийин кечмоқда. Бу нарса босқичма-босқич юз беришини ҳисобга олсак, ҳали Мессини жамоага тўлиқ мослашиб кетди, дея олмаймиз. Месси ўз совринлар жавонини тўлдириш билан банд бўлган, Неймар эса жароҳатлари билан курашишни давом этаётган бир пайтда бир йигитча катта майдонда юлдузлар шоусини намойиш этишда давом этаётганди. Унинг исми Килиан.
Кимга нима бўлишидан қатъий назар, Килиан Мбаппе «ПСЖ» учун қутқарувчи вазифасини бажариб келмоқда. Унинг топ ўйини фонида «ПСЖ» ичидаги турли хил муаммо ва камчиликлар билинмай кетмоқда. Жумладан, француз ҳужумчиси кеча «Монако» билан кечган баҳсни ҳам асосий фигурасига айланди. Якшанба оқшомида бўлиб ўтган мураккаб беллашувда, Килиан собиқ жамоаси, «Монако»га қарши супер ўйин кўрсатди. Кечаги кунга қадар бу мавсумда Мбаппе ҳисобида 11 гол ҳамда 14та ассист мавжуд эди. У 22та учрашувда шундай натижа қайд этган. Ушбу ўйиндан кейин эса унинг голлари сони 13тага етди. Дубл қайд этган Мбаппе, яна бир бор ўз даражасини кўрсатди ва «ПСЖ» кўлидаги энг катта «балиқ» эканини яна бир бор исботлади. «Монако»га қарши кечган баҳс яна шуни ҳам кўрсатиб бердики, кейинги ёзда парижликлар жуда катта хазинасидан ажралиши мумкин.
Ҳа, кечаги рақиб анча савияли ва мураккаб эди. Шунга қарамай, амалдаги Жаҳон чемпиони «Монако» ҳимояси учун энг катта ва чалғитувчи хавф бўлиб турди. У шунингдек, жамоасининг ранг-баранг ҳужумларида асос бўлиб хизмат қилди. Айнан Мбаппенинг тезлиги ва маҳорати эвазига «ПСЖ» ҳужумлари савияли ва ўта хавфли чиқарди. Унинг рақибга урган биринчи голи пенальтидан юз берди. Унда Анхел Ди Мариянинг хизматлари катта бўлди. Кейинги гол ҳам кўп куттирмади. Мессининг қарши ҳужумдаги ақлли ҳаракатлари Мбаппега қулай имконият яратди ва ҳисоб янада ошди. Биринчи бўлимда иккита гол билан жазоланган монаколиклар иккинчисида ҳам айтарли ҳеч қандай ҳаракатни амалга ошира олмади. Килиан иккинчи бўлимда Мессига ассистентлик қилиши мумкин эди. Аммо Леонинг зарбаси ноаниқ йўлланди. Шу билан баҳс якунланди ва «ПСЖ» турнир жадвалида гегемонликни давом эттирадиган бўлди.
«ПСЖ»нинг хавфли рақибга қарши кўрсатган ўйини Моурисио Почеттино жамоасининг ўйинида яна ўсиш бўлганини исботлади. Улар жамоавий тарзда ҳар қандай рақибни енга олади. Аммо бир нарсани таъкидлаш керак, парижликлар таркиби ўта юлдузли, аммо улар ичида энг порлоғи Килиан Мбаппе бўлиб қолмоқда. Афсуски, шундай футболчидан «ПСЖ» ёзда айрилади. Мбаппенинг Мадридга бўлган муҳаббати ҳар қандай пул ва ўлчовлардан устунлик қилмоқда. Шу сабаб келаси ёзда уни қаймоқранг либосда кўрсак, ажаб эмас. Яна ким билади дейсиз...
ИСМАТОВ Ж.