Бугун бўлиб ўтган "Шўртан" — "Локомотив" учрашувидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар устози Хорен Оганесян қатнашди.
— Бугун чемпионатнинг очилиш учрашуви эди, шу сабабли биз ёмон ўйин кўрсатмадик дея оламан. Бизда гол уриш учун кўплаб имкониятлар бўлди, аммо улардан самарали фойдалана олмадик. Ўйинда ҳакамларга эътироз билдира олмайман, — деб гап бошлади Оганесян.
— Рақибни ўйинини қандай баҳолайсиз?
— "Шўртан" ўз майдонида сўнгги дақиқага қадар курашди, биз эса хатога йўл қўйдик.
— Қайси чизиқлардан кўнглингиз тўлмади?
— Ўнг қанотимиз яхши ўйнай олмади. У ерда тўп тепган Казанковнинг ўйини чиқмади. Бундан ташқари майдон аҳволи ҳам ўйинга таъсир қилди.
— Тожиев ва Шадрин тандеми яхши чиқмади, ёки "Шўртан" ҳимояси яхши ўйин кўрсатдими?
— Бу икки ҳужумчи анчадан бери бирга расмий ўйинларда ўйнашмаганди. Бунга қадар биз асосан таркибни текширгандик.
Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида "Шўртан" устози Игорь Криушенко журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
— Аввало барчани биринчи ғалаба ва мавсум бошлангани билан табриклайман. Биз тезкор футбол ўйнашга ҳаракат қилгандик, асосан бир тепар услубида. Лекин майдон аҳволи бунга йул қўймади. Бугун шогирдларим ғалабага ҳақли ўйин кўрсатишди, деб ўйлайман. Иккинчи бўлимда йигитлар анча яхши ҳаракат қилишди.
— Бугунги рақибларингиз ҳақида фикрларингиз қандай?
— Рақиб бошқа жамоалар учун ҳали анча бош оғриқ бўлади. Улар "чақилмас ёнғоқ" ҳисобланишади. Уларнинг таркиби ҳам анча маҳоратли ўйинчилардан ташкил топган. Умуман ҳар қандай жамоа ютади ва ютқазади.
— Учрашувни бошқариб борган ҳакамлар тўғрисида нима дея оласиз?
— Мен ҳакамлар ҳақида ҳеч қачон гапирмайман. Бу иш билан шуғулланувчи инсонлар бор.
Умид РАИМЖАНОВ ёзиб олди.