Арсен Захарян 17 ёшида «Динамо» (Москва)нинг мавсум-2020|2021даги энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. Афсуски, бутун РПЛнинг бош кашфиёти саломатлигига боғлиқ муаммолар туфайли Евро-2020да қатнашиш бахтидан мосуво бўлганди. Захарян айни пайт Россия чемпионатида голга ассистентлик бўйича 2-ўринда кетмоқда ва «Энг кучли бешлик» совринига асосий даъвогар саналмоқда. Sport24 нашри мухбири яқинда Арсен билан келажак режалари, «Динамо»нинг чемпионлик учун имконияти ва бўлажак ЖЧ саралаши доирасида муҳим ўйин ҳақида суҳбатлашди.
- «Динамо» РПЛ иккинчи даврасини «Зенит»нинг асосий таъқибчиси сифатида бошлайди. Мавсумнинг биринчи қисми қандай ўтди?
- Узоқ вақт давомида биринчи марта бунчалик баланд кўтарилдик. Демакки, мавсумнинг дастлабки қисмида муносиб ўйнадик. Тўғри, кутилмаган йўқотишларга ҳам учрадик, айниқса, назарий жиҳатдан очко олишимиз шарт саналган ўйинларда.
- «Динамо»нинг биринчи даврада кучли бешликдан жой олишини тахмин қилиш мумкин эди. Аммо чемпионлик учун курашиши...
- Аввалги мавсум бир-биримизга, шунингдек, мураббий ва яратилган муҳитга анча кўникиб олдик. Қолаверса, ёзги трансферлар пайти яхшигина кучайдик - таркибга Бальбуэна, Лаксальт ва Макаров каби йигитлар қўшилишди. Айнан шу футболчилар ёрдами яққол сезилди. Ҳозир жамоамиз яхши ҳолатда ва 2-ўрин ёмон эмас, менимча.
- «Динамо» олтин медални кўзлашга тайёрми?
- Айнан шунга интиламиз, сифатли футбол кўрсатяпмиз. Асосийси, ўйин давомида устунликка эга бўла туриб, очко йўқотмаслик. Айниқса, шу жиҳат устида кўпроқ ишлашимиз керак. Мақсад - максимал натижа. Албатта, 1-бўлиш ва Чемпионлар Лигасида ўйнашни истаймиз.
- «Зенит» биринчи даврада Москванинг 4та жамоасидан 3тасини мағлубиятга учратди. Нима, Питер клуби Москвада ҳам ҳукмронми?
- Йўқ, бундай эмаслиги ўз-ўзидан тушунарли. Ҳа, «Зенит» кучли футболчиларга эга, жамоанинг ҳар бир позицияда сифатли ижрочилар бор. Аммо питерликларни енгиш имконсиз эмас. Дейлик, ўзаро ўйинда босим ўтказа бошлаганимизда, рақибнинг ожиз томонлари яққол кўринди. Бироқ шунчаки, вазиятлардан самара чиқаролмадик ва бунинг ортидан жазоландик. «Зенит»нинг кучи айнан вазиятлар қадрига етиш масаласида билинди.
- Александр Кержаков яқинда «Динамо»ни чемпионлик учун курашда «Зенит»нинг ягона рақиби сифатида тилга олди.
- Биринчи давра энди тугади, «Зенит» ҳам ҳали очколар йўқотади, барибир. Шахсан мен «Локомотив» ва «Сочи»ни ҳисобдан чиқармаган бўлардим - ҳар иккиси Питер клубига рақобат тақдим этишга қодир.
- «КраСава» нашрига берган интервьюнгизда Европанинг бирор клуби сиз билан ҳали боғланмаганини айтдингиз. Мана, орадан 3 ой ўтди, янгилик борми?
- Йўқ. Ҳозирча Европадан ҳеч ким алоқага чиққани йўқ. Шунчаки, гап-сўзлар бор, ҳали аниқ таклиф тушмади.
- Ўзингизга қолса, Европанинг кучли 5та лигасидан қай бирини танлардингиз?
- Испания Ла Лигасини. Чунки техник футбол тарафдориман. Испанияда айни шундай ўйин ҳукмрон.
- Кўпчилик сизни «Барса»да қачон кўриш мумкинлигига қизиқмоқда...
- Ха-ха... Тўғриси, ўзим ҳам билмайман. Олдин таклиф тушсин, кейин кўрамиз.
- Россия терма жамоасидаги дебютингиз «Лужники»да хорватларга қарши кечган ўйинга тўғри келди. Ҳаяжонландингизми?
- Оз-моз, муҳими, йигитлар далда беришди, мураббий ҳам қўллади. Қисқаси, улар қўлдан келганича ҳаракатланишимни сўрашди.
- Валерий Карпин жамоада ишни сардорлик боғичи эгасини ўзгартириш билан бошлади. Миллий терманинг ҳақиқий етакчиси ким?
- Баринов ва Жикия яққол ажралиб туришади. Айнан уларни асосий етакчилар сифатида кўрсатиш мумкин. Умуман, кийиниш хонасида ҳамма ўз сўзини айтиши мумкин.
- Хорватия термасига қарши сўнгги ўйинни қаерда томоша қилдингиз? Кудряшовнинг автоголидан кейин қандай аҳволга тушдингиз?
- Уйда, оила даврасида кўрдим, барчамиз хавотирда ўтирдик. Отам футбол кўраётганида, ҳар доим асабийлашади. Бунда менинг майдонда бўлишим-бўлмаслигимнинг фарқи йўқ.
- «Плей-офф» босқичининг ярим финалида поляклар тўсиғидан ўта оламизми?
- Финалдан ҳам ўтамиз, албатта.
- Демак, ишонч катта.
- Албатта. Нима, рақиблар таркибида ўзга сайёраликлар ўйнашадими?
- Шошманг, Польша термасида бу йил «Олтин тўп»ни қўлга киритишига сал қолган Левандовски бор.
- Дарвоқе, айнан Левандовски тарафдори эдим, «Олтин тўп»ни айнан унга беришларини кутгандим. Тўғри, Месси ҳам бунга лойиқ.
- Хуллас, ўша Левандовски Польша терма жамоасида...
- Уни қандай тўхтатишни мураббий айтади. Умуман, бизда ҳам устун томонлар йўқ эмас.
- Агар «Олтин тўп» фақат РПЛ футболчиларига берилганида, унга ким эга чиқарди?
- Кучли учликни айтишим мумкин: Шиманьски, Тюкавин ва Жикия. Менича, якунда «Тўп» биринчиси ўлжасига айланарди.
- Golden Boy эса сизга насиб этарди...
- Йўқ. Ўзим Тюкавинни танлайман.
АЙТГАНЧА
Арсен Захарян РПЛнинг 2021 йилги энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилди. «Динамо»нинг 17 ёшли ярим ҳимоячиси экспертлар иштирокидаги сўровда 445 очко олиб, «Уфа» ҳужумчиси Гамид Агаларов (312 очко) ва клубдоши - ҳужумчи Константин Тюкавин (238 очко)ни ортда қолдирди. Захарян 2021 йили РПЛнинг 27та ўйинида 7та гол уришдан ташқари, 11та самарали узатма муаллифи бўлди.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади