Туриннинг “Ювентус” клуби сўнгги тўрт турда 10 очко жамғарган бўлса-да, ҳалигача А серияда кучли 4 ликдаги жамоалардан анча ортда қолмоқда (“Интер”, “Милан”, “Аталанта”, “Наполи”). Аслида, бу инқироз жорий мавсумда эмас, анча олдин, 2018 йилда, йирик бизнес-лойиҳа парчалана бошлаган пайтда бошланди. Бу Криштиану Роналдунинг келишига тўғри келди. Ўша шов-шувли трансфер занжирнинг биринчи бўғини бўлди, шу сабабли “Юве” топ-клубга ўхшамай қолди: энди топ юлдузлар ҳам, натижалар ҳам йўқ, лекин жамоада молиявий муаммолар бор. Шу сабаб, “Stadion.uz” нашри Турин клубининг чўкиб кетишининг асосий сабаблари ҳақида бироз маълумот беришга қарор қилди.
Ички можаролар ва ҳийлалар
2019 йилда Турин клуби президенти Андреа Аньелли “Ювентус” футболдаги асосий брендлардан бири эканлигини айтди. Бироқ, ўтган йили клубнинг ютуқлари билан эмас, балки жамоадаги жанжалли муҳитни яратгани билан ажаблантирди. Биринчиси - Суперлига. Аньелли “Реал Мадрид” президенти Флорентино Перес ташаббусини бошқалардан кўра кўпроқ ғайрат билан қўллаб-қувватлаган функционерлардан бирига айланди. Суперлига ташкил этилгани эълон қилиниши биланоқ, “кекса синьора” мухлислари кўчаларга баннер осиб қўйишди: “Аньелли бизга хиёнат қилди. Аньелли жамоага хиёнат қилди” мазмунидаги баннерлар Турин кўчаларини анча пайт “безаб” турди.
Аммо “Ювентус” президенти нафақат мухлисларга, балки Аньеллининг яқин дўсти ва қизининг чўқинтирган отаси бўлган УЕФА президенти Александр Чеферинга ҳам хиёнат қилди. Аньеллининг нафақат “Юве”да, балки умуман футболда ҳам асосий нарса бўлишга интилиши билан ҳазиллашди. Андреа ва Чеферин ўртасидаги муносабатлари бузилди ва “Ювентус” Суперлиганинг бошқа асосчи клублари каби УЕФАнинг энг ашаддий душманига айланди. Евролигага қўшилиш орқали “кекса синьора” ўз қарзлари билан шуғулланмоқчи бўлди, аммо, аксинча бўлди. Клуб ўз обрўсига доғ туширди.
Иккинчи можаро бир неча ҳафта олдин содир бўлди – “Ювентус” ўз капиталини ўстириш учун молиявий қинғирликларга қўл урганликда айбламоқда.
Агар “Ювентус” фирибгарлик орқали бошқа жамоаларга нисбатан устунликка эришган бўлса, бозор рақобатини назорат қилиш бошқармаси вазиятга аралашиши ва жазо чорасини қўлланилиши айтилди. Италияда Пемонт прокуратураси ва Италия футбол федерацияси биргаликда олиб борувчи йирик тергов бошланди. Терговчилар “Ювентус” раҳбарларини 400 миллион евролик қарзини яширишни хоҳлаётганликда гумон қилмоқда. Агар Турин клубининг айби исботланса, у Б серияга тушириб юборилиши мумкин.
Сарри, Роналду ва Аллегри
Шунингдек, тизимдаги инқироз Сарри даврида юз берди. Бунгача “Ювентус”ни беш йил давомида жамоада сифатли футбол кўрсатган ва чемпион қилган Массимилиано Аллегри бошқарган. Унинг қўл остида клубда ҳаммаси яхши мувофиқлаштирилган механизмдек ишлаган. Ҳатто Роналдунинг келиши ҳам жамоа муҳитини бузмади. Бироқ, Сарри Криштианунинг етакчи бўлишга бўлган ҳаддан ташқари иштиёқини жиловлай олмади. Бош мураббий ва асосий юлдуз ўртасида можарога олиб келган уринишлар бўлди. Вазият талаб қилмаган пайтларда Роналду ўзбошимчалик билан масъулиятни ўз зиммасига ола бошлади. Сарри асабийлашди, буни кўрган Аньелли мураббий билан хайрлашишга қарор қилди.
“Ювентус” президенти ўзи чиқариб юборган Макс Аллегрини қайтишга кўндиришдан кўра яхшироқ ечим топмади. Аллегри учун иккинчи марта жамоа бошқарувига келиши, биринчисидан анча қийинроқ бўлди. Роналду Манчестерга жўнаб кетди, аммо унинг ўрнига муносиб ўринбосар топилмади. “Кекса синьора” сўнгги турларда бироз яхшироқ ўйин кўрсатаётганини ҳисобга олсак ҳам, “Интер” билан орадаги фарқ 12 очкони ташкил этади.
Қоронғу келажак
Аллегри жамоаси прагматик услубда ҳаракат қилади: имкониятлар кам, ўткир паслар кам, босим кучсиз. Роналду кетганидан кейин таркибда муҳим дақиқада олдинга ўтишга журъат этадиган бошқа футболчи йўқ эди. Дибала ва Кьезадан умид катта эди, лекин биринчиси шунчаки ўзини ортиқча баҳолади, иккинчиси эса клубнинг фахрий футболчиларини бошқариш учун ҳали ёш эди. “Ювентус”да ҳам ақлли ва креатив марказий яримҳимоячи етишмаяпти. Илгари бу жойда Пьянич ўйнарди, аммо ҳозир ҳеч ким ўз вазифаларини тўлиқ бажара олмайди. Умуман олганда, “Ювентус”нинг таркиби Европанинг топ-клуби деб аташ учун анча заиф. Ҳар бир чизиқ кучли ўйинчиларга муҳтож, аммо кучайтириш учун молиявий ҳолат яхши эмас. Войцех Шесни дарвозада кўп хатоларга йўл қўяди, Маттейс де Лигтга кучлироқ шерик йўқ, яримҳимоя чизиғи қанотлари унча яхши ўйин кўрсатмаяпти. Ҳужумчи Алваро Мората эса гол уришни унутиб қўйган. “Ювентус” энди ўзининг молиявий фирибгарликлари туфайли суд жараёнига кўпроқ эътибор қаратганини инобатга олсак, Аллегри қишки трансферларга умид қилмаслиги мумкин.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.