Лондоннинг «Арсенал» клуби ҳимоячиси Томас Вермален «Эвертон»га қарши Англия чемпионати 29-тур учрашувидан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бельгиялик футболчи ушбу учрашувда ғалаба тўпи муаллифига айланган эди, дея хабар бермоқда «Sky Sports».
«Ўйлашимча, жамоа таркибида ҳар хил футболчиларнинг гол уриши яхши ҳолат. Айни вақтда, ким гол ургани катта аҳамиятга эга ҳам эмас. Сўнгги ўйинларда иккита ғалаба голини ура олганимдан жуда ҳам хурсандман. Жамоа сўнгги ўйинларда кўрсатаётган муносабат ва тайёргарликдан жуда ҳам мамнунман», деди ҳимоячи.
«Кучли тўртликка, энди эса кучли учликка қайта олганимиз жуда ҳам муҳим. Биз «Тоттенҳэм»нинг ўйинларини кузатиб бораётганимиз йўқ, бизни фақат ўзимизнинг ҳолатимиз қизиқтиради, бу нарса нисбатан муҳимроқ», деди «Арсенал» футболчиси Томас Вермален.