Бугунги суҳбатдошимиз АҚШда тўп сураётган ўзбек қизларидан бири Сўғдиёна Постол.
— Дастлабки саволимиз: Ёшингиз нечида ва футбол билан қанча вақтдан бери шуғулланасиз?
— Ёшим 12да, футбол билан 4 йилдан бери шуғулланаман.
— Футболга қизиқишингизга ким ёки нима сабаб бўлган?
— Футболга қизиқишимга сабабчи деб дадамни биламан. У киши футбол мураббийи сифатида фаолият кўрсатади. Илгари футболга қизиқмас эдим. Лекин дадам билан бир-икки марта машғулотларга борганман. Қизларнинг тўп суриб юрганини кўриб, менга футболга нисбатан ҳавас ва қизиқиш уйғонган. Шундан сўнг футбол билан жиддий шуғулланишни бошлаганман.
— Футбол билан шуғулланишингиз мактабдаги ўқишларингизга халақит қилмайдими, фанларни ўз вақтида ўзлаштира оласизми?
— Ўқишларим яхши, тестларни аъло баҳоларга топширяпман. Мактабдан уйга келганимда аввал дарсларимни тайёрлаб кейин футбол машғулотларига бораман.
— Ҳозирда қайси жамоа таркибида тўп сурасиз?
— Шимолий Американинг Миссури штатидаги «Panathinaikos Soccer Schools» таркибида.
— Мураббий ким?
— Аарон Вагнер, Скот Апостоли ва Николас Каридислардан футбол сирларини ўрганяпман.
— Ҳозирги пайтда бирор бир ютуқларга эришганмисиз ёки ютуқлар ҳақида гапиришга эртами?
— Ҳозирда штатлараро мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритганман.
— Ўзбекистон футболи ҳақида нима дея оласиз?
— Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган ўйинларни томоша қилиб бораман, ишончим комилки Ўзбекистонда ҳам қобилятли ўйинчилар жуда кўп. Футбол йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари учрашувини кўрдим ва Ўзбекистоннинг ғалабасидан жуда ҳам завқландим.
— Келажакдаги орзуларингиз?
— Орзуларим жуда кўп. Яхши футболчи бўлиб етишиш. Мана хозирда Канада ва Бразилия жамоаларидан таклифлар бор. Таниқли жамоалар таркибида тўп суришни хохлайман. Жаҳон мусобақаларида қатнашиш ва совринли ўринларни қўлга киритиш менинг асосий мақсадим.
Эркин Халилов суҳбатлашди.