Камерунда бўладиган Африка миллатлар кубоги 9 январь куни бошланади. Ушбу қитъанинг терма жамоалари сафида кўплаб Англия Премьер-лигасида тўп тепадиган футболчилар бор. Мусобақа сабаб инглиз клублар кўплаб етакчиларини йўқотади. Бу эса мусобақа фаворитлари учун ҳақиқий муаммо ҳисобланади. “Stadion.uz” нашри айнан Африка кубогида қатнашадиган инглиз клублари шарафини ҳимоя қилувчи футболчилар ҳақида маълумот беришга қарор қилди.
Таъкидлаш керакки, айнан инглиз клублари Африка кубогидан энг катта зарба қабул қилиб олган чемпионат ҳисобланади. Юрген Клопп ушбу турнирни мунтазам танқид қилиб, қора қитъа вакилларининг мусобақани қиш фаслида ўтказилишини қоралаши бежиз эмас. Немис мутахассисини тушунса бўлади, чунки “Ливерпуль” Камерунги мусобақага бир нечта юлдузларини жўнатишга мажбур бўлишади. Умуман олганда, энг яхши Африка қитъаси футболчилари айнан Англияда тўп тепишади.
Аслида, Африка кубоги чемпионлик пойгасини олдинроқ ҳал қилиши мумкин. “Манчестер Сити” Камерунга фақат битта футболчисини юбормоқда - Рияд Маҳрез. Жазоирлик футболчи Гвардиола таркибидаги муҳим ўйинчи, аммо “Сити” Риядсиз ҳам ажойиб ўйин кўрсата олишига шубҳа йўқ. Чунки, “шаҳарликлар” таркибида бошқа кўплаб тажрибали футболчилар бор. Клоппнинг аҳволи бутунлай бошқача. Чунки, Муҳаммад Салоҳ, Садио Мане ва Наби Кейта клубни оғир аҳволда қолдириб кетмоқда. Аниқроғи, чемпионат учун кураш қизғин паллада “Ливерпуль” етакчиларини йўқотмоқда. “Челси” ҳам фақат битта футболчини йўқотади, аммо муҳим футболчиси, яъни — дарвозабон. Эдуард Менди Сенегал терма жамоасига йўл олади ва лондонликлар яна Кепа Аррисабала ёрдамига таянишга мажбур бўлади, бу эса “аристократлар” мухлисларини бироз хавотирга солмоқда.
Турнир Чемпионлар лигасидаги ўринларни тақсимлашга ҳам таъсир қилиши мумкин. Сабаби, ўз мавқеини тиклаган “Арсенал” сўнгги пайтларда Микель Артетанинг жамоани қуришда муҳим роль ўйнаган Томас Партини йўқотмоқда. Унинг ўрнини эгаллаган Муҳаммад Эльнени ҳам Миср терма жамоасини ҳимоя қилиш учун Камерунга йўл олади. Бундан ташқари, “канонирлар” Габон ва Кот-д’Ивуар терма жамоасига чақирув олган Пьер-Эмерик Обамеянг ва Николас Пепе ёрдамига таяна олмайди.
“Канонирлар”нинг рақобатчилари эса бундай қийинчиликларни бошдан кечирмайдилар. “Тоттенхэм” бирорта ҳам футболчисини Африка кубогига жўнатмайди. “Манчестер Юнайтед” фақатгина Кот-д’Ивуарлик Эрик Байини АМКга юборади, бироқ у жамоани асосий футболчиси эмас. Аммо, “Вест Хэм”ни Саид Бенрахм тарк этади. Мазкур футболчи “болғачилар”нинг асосий таркиб футболчиси ҳисобланади.
Африка кубоги Англия Премьер-лигасила жон сақлаш учун курашаётган клублар учун имконият яратиб бериши мумкин. Сабаби, “Ньюкасл”, “Норвич” ва “Лидс” Камерунда ўтадиган турнирга ҳеч кимни юбормайди. Шу билан бирга, “Бёрнли” жамоаси сафида 5 та гол урган Максвелл Корнени клубни маълум вақтга тарк этишга тўғри келади. “Уотфорд” бир нечта ҳимоячилар Виллиама Трост-Эконга ва Адама Масину, хавбек Имран Лузуни йўқотади. Жароҳати туфайли Эммануэль Деннис клубда қолди. “Хорнетлар” раҳбарияти Сенегал жамоаси шарафини ҳимоя қилишга отланган Исмоил Саррни клуб сафида сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, “Эвертон” Алекс Ивобини Нигерия терма жамоасига қўйиб юбормоқда. Бу футболчи ҳам “ирислар”нинг асосий футболчиси саналади.
Ўрта хил жамоаларга келадиган бўлсак, бу ерда вазият бошқача. Трезеге “Астон Вилла” сафидан Миср терма жамоасига, Бертран Траоре эса Буркина-Фасо жамоасига шарафини ҳимоя қилишга кетади, лекин иккаласи ҳам клубнинг асосий футболчиси эмас. “Брентфорд” ҳам Франк Онику Нигерия терма жамоаси сафига кетишига тўсқинлик қила олмаяпти. Ив Биссума “Брайтон”дан Малига, Ульрик Энем-Алла эса Габон сафига жўнаб кетади.
“Вулверхэмптон”да баъзи муаммолар бўлади: марокашлик Роман Саис ва жазоирлик Вилли Боли Африка кубогида терма жамоаси шарфини ҳимоя қилишга отланишади. “Лестер”да ҳам катта йўқотишлар мавжуд – ҳимоя зонасида ҳаракат қиладиган учта футболчи бирданига АМКга боради: нигериялик Онинье Ндиди, сенегаллик Нампали Менди ва ганалик Даниэль Амарти. Бундан ташқари, “тулкилар” нигериялик ҳужумчи Келечи Ихеаначони ҳам маълум вақтга қўлдан чиқаришади. Қолаверса, “Кристал Пэлас” жиддий қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Шейку Куяте Сенегал термасига, Жордан Ию Гана термасига, Уилфрид Заха эса ивуарликлар томонидан чақирув олган.
Умуман олганда, Англия Премьер-лигаси Африка кубоги вақтида кўплаб ажойиб футболчиларни йўқотади ва мураббийлар ушбу номларни ўрнини ким билан ва қандай тўлдириш ҳақида бош қотиради.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.