Ҳиндистонда Португалия мустамлакасидан халос бўлиш байрами юбилейи кенг нишонланмоқда. 2021 йилнинг охирги кунлари Гоа штати Калангут шаҳрида Криштиану Роналду шарафига ҳайкал ўрнатилди. Штат вазири Майкл Лобо «Твиттер»да бу танловни оддий изоҳлади: «Футболга улкан муҳаббат ва ёшларимиз илтимосига биноан, Криштиану Роналду ҳайкалини ўрнатишга қарор қилдик. Буюк футболчи сиймоси фарзандларимизни спорт билан шуғулланишга илҳомлантиради». Бироқ шаҳар аҳолиси қимматбаҳо ҳайкални бирдек ижобий қабул қилгани йўқ.
Биринчидан, Роналдуга аталган монумент 12 минг фунт стерлинг эвазига қад кўтарди. Иккинчидан, Гоа айнан Португалиянинг собиқ колонияси ҳисобланади. Штат 1961 йили мустамлакачиликдан қутулиб, мустақилликка эришган. Хуллас, баъзилар Португалия таъсиридан озод бўлишнинг 60 йиллик юбилейида унинг фуқароси ҳайкалини ўрнатишга шунчаки, халқни таҳқирлаш, унинг устидан кулиш сифатида қарашмоқда. Тарихан салбий муносабатларга қарамай, Португалия футболи Ҳиндистонда жуда машҳур. Қолаверса, колония давридаги қарамлик туфайли мамлакатнинг кўплаб фуқаролари Португалияда истиқомат қилишган. Айримлар муқим яшаб қолишган. Қисқаси, ҳанузгача ўртада қариндошлик ришталари бор.
Оппозиция ҳаракати раҳбари - Премананд Дивкар (Калангут сайлов округи президенти) фикрига эътибор қаратинг: «Шаҳримизда Ҳиндистон футболининг халқаро майдондаги ғалабаларига ҳисса қўшган Бруно Коутиньо ва Иоланд Д~Соуза каби ажойиб ўйинчилар кўп. Нега улар шарафига ҳайкал ўрнатиш мумкин эмас? Ахир Калангут учун Роналду эмас, айнан шу йигитлар катта аҳамият касб этишмайдими?» Бу эътирозни маҳаллий аҳоли ҳам тезда қўллаб-қувватлади: «Роналду ҳайкали ҳақида эшитиб, ҳафсалам пир бўлди. Ундан кўра, Самир Найк ва Бруно Коутиньодек ўз юлдузларимиз билан фахрланишни ўргансак, яхши бўлмайдими?» - деди маҳаллий мухлислардан бири. Халқ фаолларидан Гуру Широдкар ҳам кескин норозилик билдирди: «Гоада озодлик учун курашганлар етарли. Роналдунинг ҳайкали уларни хўрлаш демакдир. Буни мутлақо қоралаймиз. Айниқса, шундай йилда Роналдуга ҳайкал ўрнатиш халқни таҳқирлашдан ўзга нарса эмас».
Ҳайкалнинг тантанали очилиш маросими ҳам норозилик намойишлари билан уйғунлашди. Жумладан, айрим фаоллар қора байроқларни ҳилпиратиб туришди. Бинобарин, мавжуд тушунчага кўра, Португалия Ҳиндистонни қашшоқлик ва ҳалокатга етаклаган, колония даврида миллионлаб ҳиндлар ҳалок бўлишган. Тарихга назар солсак, португаллар Гоа штатига 1498 йили қадам босишган. Маълумки, ҳинд диёрини денгизчи сайёҳ Васко да Гама кашф этган. 18-аср ўрталарида Ҳиндистоннинг қолган ерлари Буюк Британия ва Франция томонидан босиб олинган. Табиийки, янги ҳукумат маҳаллий аҳоли қаршилигига дуч келган. Қисқаси, 1757 йилдан буён ҳудудда нақ 7та йирик уруш содир бўлган. 1947 йилга келиб Ҳиндистон Франция ва Буюк Британия таъсиридан қутулади, лекин ғарбий ҳудудлар (Гоа, Дамна ва Диу) Португалия ҳукмронлиги остида қолади, барибир. Ҳиндистон ҳукумати 10 йил давомида ўз ҳудудларини тинч йўл билан озод қилишга уринади, аммо Португалия барча ҳаракатларни йўққа чиқаради.
Қисқаси, португаллар инглиз ва французлардан фарқли ўлароқ, Ҳиндистонни 4,5 аср давомида ўз таъсирлари остида ушлаб туришади. Бу вақт давомида ғарбий ҳудудлар аҳолиси сезиларли даражада азоб тортишади. Ҳаттоки, ҳиндлар насронийларга айланадилар. Тўғри, статистика буни инкор этади. Дейлик, 1950 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига асосан айтсак, атиги 7 фоиз ҳинд португал тилида сўзлашган. Гоа, Дамна ва Диу аҳолисининг аксарияти насронийларга айлангани ҳақидаги даъволар ҳам асоссиз. Гоада одамларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжлари лоақал 50 фоизга таъминланмагани эса, ҳақиқат. Ваҳоланки, ҳудуд ерлари жуда ҳосилдор ва табиий ресурслари ҳам катта бўлган. Колония даврида саноат ҳам ривожланмаган.
Португалия - Ҳиндистон муносабатларига дахлдор даҳшатли рақамлар
- Катта очарчилик даври (1876-1878)да 6,1-10,3 миллион одам ҳалок бўлган.
- Ҳиндистондаги очарчилик даври (1899-1900)да 10 миллион одам ҳалок бўлган.
- 1817-1860 йиллар оралиғида турли эпидемиялардан 15 миллион одам ҳаётдан кўз юмган.
- 1865-1917 йиллар оралиғида турли эпидемиялардан 23 миллион одам вафот этган.
- 1961 йили Гоа, Дамна ва Диуда португал мустамлакачиларига қарши қаратилган партизанлар ҳаракати бошланган. Ўша йилнинг декабрь ойида Ҳиндистон ҳукумати Гоа муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этишини расман эълон қилган. Португалиянинг НАТО ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланишига қарамай, ҳинд қўшинлари 18 декабрь куни ғарбий ҳудудларга кириб, Ҳиндистон байроғини кўтаришган.
Р.ИБРОҲИМОВ