Ўзбекистон Олий лигасининг 2-туридан ўрин олган «Шўртан» ва «Навбаҳор» жамоалари ўртасидаги учрашув якунига етгач, ғўзорликлар бош мураббийи Игор Криушенко ўйин борасида фикрлари билан ўртоқлашди.Криушенко ҳисоб йирик кўриниш олган бўлишига қарамай, ўйин жамоаси учун осон кечмаганини таъкидлаб ўтди.
«Гарчи, учрашувда йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлсак-да, ўйинни биз учун осон ўтди деб бўлмайди. «Навбаҳор» жамоаси кучли рақиб. Улар ҳаводан яхши ҳужум қилишди. Бўйдор футболчиси (Артурас Фоменко – муаллиф) тўп учун курашларда яхши ҳаракат қилиб, вазиятлар содир этишга ҳаракат қилди» дея гап бошлади Игорь Криушенко
«Учрашувда тезрок киритилган гол футболчиларга руҳий тарафдан ижобий таъсир кўрсатди. Қолаверса, стандарт вазиятларни голга айлантира олганимиздан хурсандман. Биз рақибга ҳужум қилишларини олдини олиш режасини тузгандик, бу режамизни шогирдларим ажойиб тарзда ижро этишди. Энг асосийси шогирдларим айтган кўрсатмаларимни бажаришди».
- Шогирдларингиз барча кўрсатмаларингизни бажаришдими?
- Барча кўрсатмаларни кўрсатишга ҳаракат қилишди. Қайсидир кўрсатмаларни бажара олишмагандир, лекин бу бошқа масала.
- Бугунги жамоаларнинг қайси чизиқлари яхши ўйнади?
- Мен ҳар доим айтиб келганман ва яна айтаман: мен ҳеч қачон ҳеч қайси бир чизиққа, ҳеч бир ўйинчига баҳо бермайман! Ғалабани бутун жамоа қозонади ва мағлубиятга ҳам бутун жамоа учрайди. Лекин, шу айта оламанки, бугун жамоам яхши ва ишончли ўйнади ва бу кишини хурсанд қилди. Рақиб жамоа чизиғи ҳақида гапирадиган бўлсам, уларнинг бўйдор ўйинчиси яхши ўйнади, ҳаво «жанглари»да яхши қатнашди ва вазиятларда содир этишга ҳаракат қилди.
- Жамоангиз кетма-кет икки учрашувни ўйда ўтказди ва бир-биридан чиройли ўйин намойиш этди. Энди «Шўртан» сафарда ҳам мана шундай ўйин намойиш этадими?
- Мен шогирдларимдан уйда ҳам, сафарда ҳам мана шундай ўйин намойиш этишини талаб қиламан. Натижа эсда қолади, шунинг учун чиройли футбол орқали натижани қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Масалан, кейинги турни сафарда «Бунёдкор» жамоасига қарши ўтказамиз ва амалдаги чемпионларга қарши ҳам мана шунақа тепмда футбол намойиш этамиз.
- Нима учун Ботир Қодирқулов заҳирада қолдирилди?
- Бу менинг қарорим. Шуни аниқ айтаманки, Ботирга нисбатан ўтган тур ўйини бўйича ҳеч қандай эътироз бўлмади. Бизда энг кучли рақобат – бу ярим ҳимоя. Айниқса, қанот ярим ҳимоячилар танлови ёмон эмас. Ўйлайманки, Отабек Валижонов бугун ёмон намойиш этгани йўқ. У керакли ўйинчи эканлигини исботлаб қўйди. Ботир Қодирқуловни кейинроқ заҳирадан майдонга туширмоқчи эдим. Бироқ, бошқа футболчиларни алмаштиришимизга тўғри келиб қолди.
- «Навбаҳор» Отабек Валижоновнинг собиқ жамоаси эканлигини билармидингиз?
- Албатта. Мен Отабек Валижонов билан Туркияда йиғин давомида яқиндан танишганман. Айтяпман-ку, ярим ҳимоямизда жиддий рақобат бор. Ким ўйинга кучли тайёргарлик кўрса, ўша футболчи бошланғич таркибда ҳаракат қилаверади.