Айни дамда темирйўлчилар оптимал таркиб билан Олий лига баҳсларида иштирок эта олмаяпти. Етакчи футболчилар турли ҳил терма жамоаларимиз йиғинларида иштирок этаётган бўлса, яна бир гуруҳ футболчилар жароҳатлари туфайли жамоага ёрдам бера олмаяптилар. Биз айни дамда жароҳат олган футболчиларимизнинг ҳозирги аҳволи, соғлиги билан қизиқдик ва клуб врачи Аброр Пирриев билан суҳбатда бўлдик.
Аброр ака, айтингчи, жароҳат олган футболчиларимизнинг ҳозирги ҳолати қандай? Қачон яна етакчи футболчиларимизни яшил майдонда кўрамиз?
— Футболчиларимиз мавсумолди ўқув машғулот йиғинлари ва ўртоқлик-назорат учрашувлари давомида афсуски, турли даражадаги жароҳатлар олишди. Муҳаммад Бинди Мустафо олимпиячиларимиз бўлган ўртоқлик учрашувида олган жароҳати (ўнг сон орқа мушагининг қисман узилиши)туфайли 1-турни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Олиб борилган муолажалар туфайли Мустафо 2-турда захирадан тушди. Бугунги кунда у тўлиқ тикланиш жараёнини ўтаб улгурган ва кейинги ўйинларимизда тулақонли иштирок эта олади деган умиддаман.
Яна бир етакчи футболчимиз Иброҳим Раҳимов ҳам мавсумолди ўртоқлик учрашувида олган жароҳати (чап тизза дисторзияси, икки томонлама менископатия) туфайли узоқ муддатга сафдан чиқишга мажбур бўлди. Жароҳатни жаррохлик йўли билан эмас, балки консерватив даволашга қарор қилдик ва бугунги кунда даво муолажалари анча ижобий натижалар бермоқда ҳамда ўйлайманки хаммаси режадагидек бўлса апрел ойининг 2-ярмида у машғулотларни бошлаб юбориши керак.
Музаффар Умрзоқов ҳам олган жароҳат (сон орқа мушагининг лат ейиши, қисман узилиши билан) олиб борилган даволаш муолажаларидан кейин бугуги кунда тикланиш босқичида ва жамоамиз кубок ўйинидан кейин Тошкентга қайтгач у ҳам жамоа билан машғулотларда иштирок эта бошлайди.
Жора Оганесян. «Футбол Мед» тиббий марказидаги мавсум олди тиббий кўрик жараёнида Жоранинг соғлигида баьзи бир муаммоар аниқланди. Шу муаммолар туфайли унга вақтинчалик чемпионат ўйинларида иштирок этишга рухсат берилмади. Жора тегишли даво муолажаларини олмоқда ва апрел ойи бошида қайта текширувдан ўтгач кейинги тур ўйинларида уни ҳам майдонда кўрамиз деган умиддаман.
Ҳали бутун мавсум олдимизда ва бу мавсум футболчиларимиз учун жиддий жароҳатларсиз ўтишини тилаб қолардим.