Англиянинг "Манчестер Сити" клуби Мадриднинг "Реал" клуби ҳужумчиси Криштиану Роналдуни ўз сафига қўшиб олмоқчи. Бу ҳақда Goal.com интернет нашри хабар тарқатди.
Манбада ёзилишича, "шаҳарликлар" португалиялик футболчи учун 80 миллион фунт-стерлинг маблағ тўлашга тайёр туришибди. Шахсий битим борасида эса клуб футболчи учун ҳафтасига 400 мингдан 500 минг фунт миқдоргача ҳақ тўлашни режалаштирган.
Ушбу трансфер борасида музокаралар тез орада бошланиши мумкин. "Сити" Роналдуни сотиб олиш харажатларини ёзда трансферга қўйилиши кутилаётган Карлос Тевес, Эдин Жеко, Найджел де Йонг, Эммануэл Адебайор, Уэйн Бриж ва Роке Санта Круснинг сотилишидан тушган маблағлардан қопламоқчи.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Лондоннинг Челси клуби Мадриднинг "Реал" клуби икки нафар ҳужумчиси Криштиану Роналду ва Гонсало Игуаинга қизиқиш билдирган ва икки футболчи учун 80 миллион фунт стерлинг беришга тайёр эканини билдириб ўтганди.