Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо 31-тур олдидан ўтказилган матбуот анжуманида яна эски саволга дуч келди: “Нима учун “Реал” клуби мураббийлар штаби ва футболчилари оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашишдан бош тортишаяпти?”
Эслатиб ўтамиз, Испания чемпионати 29-турида “Вильярреал”га қарши майдонга тушган “Реал” жамоасининг бир қатор футболчилари ва мураббийлари ҳакам томонидан қизил карточка билан жазоланганди. Жумладан, бош мураббий Жозе Моуриньо ҳам ўз ўрнидан ҳайдалганди. Шундан сўнг қироллик клуби ОАВга бойкот эълон қилди ва Моуриньонинг таъкидлашича, ушбу муаммога журналистларнинг ўзлари айбдор экан.
“Аслида нима бўлганлигини тушунтириб беришим мумкин. Ўтган йилги Чемпионлар Лигаси ярим финалини эсланг. Ўйин тугади, биз чиқдик ва самимият билан кўнглимизни очдик... Аммо ўзимиз сизнинг қурбонингизга айландик. Ушбу мавсумдаги Испания Кубоги ўйинида ҳам худди шундай ҳолатга дуч келдик. Ўйиндаги камчиликлар ва ҳакамнинг хатосини муҳокама қилдик, сиз эса яна бизни айбладингиз. “Вильярреал” билан ўйиндан сўнг самимийлик қурбонига айланмаслик учун сукут сақлашга қарор қилганмиз. Аммо бу сизнинг муаммоингиз “Реал”ники эмас. Журналистларнинг ўзлари аниқлаши керак, самимийлик керакми, йўқми... Мана натижани ўзингиз кўрдингиз, “Вильярреал” билан ўйиндан кейин ҳеч ким бизни айбламади ҳам, муҳокама қилмади ҳам”, - дейди Моуриньо.