Польша миллий жа-моаси ва «Бавария» клуби ҳужумчиси Роберт Левандовски яна бир бора ФИФА талқини бўйича жаҳоннинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Алоҳида таъкидлаш керак, Левагол бу билан 2020 йилги мақомини сақлаб қолди. The Best FIFA Football Awards совринининг 6 йиллик тарихига назар ташласак, Робертгача фақат португалиялик Криштиану Роналду кетма-кет 2 марта (2016 ва 2017 йилларда) лауреат бўлганди.
- Роберт, қаторасига иккинчи йил дунёнинг энг яхши футболчиси мақомини олдингиз. Қайси ғалаба кўпроқ ҳиссиёт уйғотганини айта оласизми?
- Дабдурустдан жавоб беришим қийин. Ҳар икки ҳолат ҳам ақл бовар қилмас туйғулар бағишлагани - айни ҳақиқат. Тўғри, ҳар нарсанинг биринчиси аҳамиятлироқ, лекин қаторасига иккинчи марта ғалаба қозониш шахсан мен учун кўп нарсани англатади. Ўйлайманки, сўнгги йилларда фаолиятим ва ҳаракатим тўғри йўналишда ривожланди. Индивидуал мукофот олиш ҳамиша ёқимли, барибир. Зеро, менга берилган соврин жамоамники ҳам. Оддий айтганда, менинг ютуғим - жамоамники. Бундан фахрланаман, албатта. Биринчи навбатда, барча клубдошларимга раҳмат айтишим керак. Чунки муваффақиятимда уларнинг ўрни беқиёс. Шунингдек, сўровда менга овоз берган барча-барчадан миннатдорман, яна бутун дунёдаги мухлисларга ҳам салом йўллашим жоиз. Ахир ҳаммаси айнан мухлислар учун. Шундай экан, бу совринни ҳам уларга бағишлайман.
- Мана, Бундеслигада Герд Мюллернинг 1972 йилдан буён сақланиб келган рекордини ҳам янгиладингиз...
- Герднинг ўзи бунга гувоҳ бўлмаганидан афсусдаман. Очиғи, унинг ақл бовар қилмас рекордини янгилаш мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмагандим. «Аугсбург»га қарши кечган ўйиннинг сўнгги дақиқасида урилган ўша 41-гол лаҳзаси худди Голливуд фильмларидагидек бўлди. Яширмайман, ўзимни жаҳон футболининг шундай улкан афсонаси билан таққослашим жуда муҳим. Табиийки, Мюллернинг натижаси менга мақсад ва мотивация берди. Умуман, бундай рекордлардан фақат фахрланиш керак.
- 2022 йил тақвимидаги вазифаларингиз қаторида Қатар-2022 мундиалига йўл олиш ҳам бор. Хўш, Польша миллий жамоаси ЖЧда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга кирита оладими? «Плей-офф» ўйинлари осон эмас, тўғрими?
- Албатта, осон бўлмайди, лекин биз «плей-офф» босқичи синовларига тайёрмиз. Ўйлайманки, жамоамиз яхши ҳолатда. Тўғри, рақиб ҳам ажойиб ўйинчиларга эга. Нима бўлишидан қатъий назар, мақсад ўзгармайди - жаҳон чемпионатида қатнашишимиз шарт. Демак, ўз салоҳиятимизга ишонган ҳолда, яхши тайёргарлик кўрамиз. Умид қиламанки, «плей-офф» баҳсларига энг юқори даражада тайёр бўламан ва боримни бераман.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади