ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев АГМК ҳақида фикр билдирди.
"Бугунги АГМК аввалгиларидан тубдан фарқ қилишини айтиш керак. Олмалиқ КМК АЖ бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов спортга бефарқ бўлмаган, уни яхши тушунадиган ва албатта спорт билан бирга илмни ҳам бир вақтда олиб бориш керак, деб ҳисоблайдиган инсон. Шу сабабли АГМК яхши футбол академияси ташкил этиш ишларини бошлаган. Бу борада клуб водий, пойтахт ҳамда Ангрен, Оҳангарон каби шаҳарларни боғлайдиган жуда муҳим кўприк бўлиши мумкин. Географик жиҳатдан Олмалиқ шундай жойда жойлашган.
АГМК футзал ва аёллар футболи ривожига энг катта ҳисса қўшаётган клуб. Футзалда бир неча йиллардан буён етакчи эканини биласиз. Аёллар футболида эса фақатгина АГМК ҳатто фарм-клубига ҳам эга. Бежизга клуб бош мураббийи 2021 йилда энг яхши аёллар мураббийи бўлмади. Унинг шогирдлари Туркия каби лигаларга йўл олди.
Асосий таркиб масаласида АГМК кетма-кет икки йил совринли бўлди. Гарчи 2021 йил халқаро майдондан четда қолган бўлса-да, айнан ўша йил халқаро майдонда тарих ҳам ёзди. Ва бу бесамар кетмади. Тожикистоннинг Истиқлол клуби билан икки бор беллашиб, ўзининг айрим позицияларини шу жамоа етакчилари орқали тўлдиришга ҳам улгурди.
Олдинда АГМК стадион прожекторини янада яхшилаши ва 2023 йилги мавсумга қадар янги ва сифатли майсага эга бўлиши керак. Клуб бунинг устида ишлаяпти. Унинг олдига июнь ойига қадар прожекторларни талаб қилинган минимум кўрсаткичга келтириш вазифаси қўйилган".