Тиаго Козлоски, Лукас Дел Векио ва Уго Сезар каби бразилиялик мураббийлар билан бирга ҳамюртимиз, футболчи Дониёр Досанов ҳам Қозоғистондан чиқариб юборилди, дея хабар беради SportLive.kz сайти fc-astana64.kz сайти тарқатган хабарга таяниб.
Бунга сабаб қилиб Қозоғистон республикасининг "Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида"ги Кодексининг 394 - моддаси 1 пунктининг бузилиши кўрсатилмоқда. Пунктга кўра "Кўчиб ўтиш ёки яшаш жойини танлашда белгиланган рўйхатдан ўтиш тартибларига риоя қилмаслик оқибатида келиб чиққан, чет эллик ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Қозоғистон республикасида вақтинчалик яшаб туришлари тўғрисидаги қоидаларнинг бузилиши" кўзда тутилган.
Бу қарорга кеча Остона шаҳри миграцион полиция Бошқармаси йиғилишида келинган. Бу ҳуқуқбузарлик учун бразилиялик мураббийлар устидан протокол тузилган, маъмурий жарима қўлланилга ва визалар бекор қилинган.
Ўз мураббийлари билан бирга бразилиялик дарвозабон Жоао Гельерме ва Ўзбекистонлик футболчи Дониёр Досанов ҳам Қозоғистонни тарк этадилар.
"Астана-1964" ФК Қозоғистон қонунларига кўра иш қилган, - дейилади клубнинг расмий сайти, - Бу фуқаролар виза ва ишлашга рухсат берувчи ҳужжатларни бизнинг клубда расмийлаштириб, бошқа клубда ишлаганлар. Бу ҳақда ички ишлар Вазирлиги, Бразилия элчихонаси ва миграцион полицияга хабар бериш - бизнинг бурчимиз эди."
Эслатиб ўтамиз, бу мураббийлар ўша Бразилиянинг "Оле Бразил" футбол академиясида қозоғистонлик 15та ўсмирга 3 йил давомида устозлик қилган эдилар. Бразилиядан қайтгандан сўнг ёш футболчилар "Астана-1964" ФК билан шартнома имзолаган эдилар, аммо мураббий Тиаго Козлоски бу клубда ишлашни хоҳламай, ўз шогирдларини клубдан олиб кетган эди.
Бу мураббий ва ёш футболчилар учун Қозоғистон биринчи дивизионида янги "Байтерек" деган клуб тузилиб, бир қатор тажрибали футболчилар билан тўлдирилиб янги мавсумдан мусобақага киришилмоқчи эди.